Дунё табиий фанлари, тарихчилари томонидан XI аср «Беруний асри» деб номланган эди, XXI асрда ҳам бу баҳо ўз қимматини йўқотгани йўқ. Навоий давлат кончилик институтида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» нашриётида чоп этилган ана шу нодир асар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг етакчи олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва таниқли мутахассислар қатнашди. деб ёзмоқда Ўзбекистон овози газетаси Навоий кон-металлургия комбинати ташаббуси билан Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент давлат шарқшунослик институти олимлари ҳамкорлигида улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг «Минерология» асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди. Тадбирда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, институт ректори, профессор Қувондиқ Санақулов, Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти профессори Мирсодиқ Исҳоқов, Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий, геолог олим Исоқул Туробовлар сўзга чиқиб, буюк қомусий олимнинг «Минерология» асари нафақат илмий, балки тарихий нуқтаи назардан ҳам алоҳида қимматга эгалиги, эндиги вазифа ушбу асарни илмий тадқиқотчилар, мутахассислар, тарихчилар, қолаверса, кенг халқ оммасининг мулкига айлантиришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, мазкур ноёб асарнинг ўзбек тилига таржима қилинишида атоқли олим, заҳматкаш ва толмас тадқиқотчи, академик Азизхон Қаюмовнинг беқиёс хизматлари алоҳида эътироф этилди. Шарқда илк Уйғониш даврининг қомусий олимларидан бири Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний умумжаҳон аниқ ва ижтимоий фанлар ривожига катта таъсир кўрсатган буюк ақл-заковат соҳибидир. Унинг табиий-илмий ва маърифий-педагогик ҳамда психологик қарашларининг шаклланишида Шарқ, юнон ва ҳинд олимларининг асарлари таълим ва тарбия мактаби вазифасини ўтади. Беруний бу олимларнинг асарларини ўқиб, мағзини чақиш учун ёшлик пайтидан араб, форс, юнон, санскрит ва иврит тилларини пухта ўрганди. У астрономия, астрология, фалсафа, математика, физика, геодезия, геология, фармакогнозия, минералогия, тарих, адабиётшунослик, таржимонлик, луғатшунослик каби соҳаларда тадқиқотлар олиб борди, илмий ва бадиий асарлар яратиб, улкан самараларга эришди. Манбаларга кўра, машҳур қомусий алломанинг 160 дан зиёд илмий ишидан бизгача фақат 30 дан ортиғи етиб келган, холос. Хусусан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назариясини ишлаб чиқди. Ер радиусини ҳисоблаб, унинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни илгари сурди ҳамда вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди. Колумб саёҳатидан 500 йил аввал Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлигини ҳисоблаб чиқди. Минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини яратди. Геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам дунё табиий фанлари, тарихчилари томонидан XI аср «Беруний асри» деб номланади. Улуғ алломанинг бизгача етиб келган «Минерология» асарида 30 дан зиёд қимматбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар, уларнинг қотишмалари ҳақида илмий маълумотлар берилган. Мазкур асар қатор хорижий тилларга таржима қилинган бўлса-да, шу вақтгача ўзбек тилига ҳали ўгирилмаган эди. Тадбирда мазкур асарнинг электрон нашри ҳам иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.