Ўзбек аскарлари "Марказ-2019" ҳарбий машғулотларидаги иштирокини ош дамлаш билан бошлади
![Ўзбек аскарлари](https://gdb.rferl.org/8A11A89E-BBB6-4429-B85B-3ABCBC900E7A_w800_h450.jpg)
“Марказ-2019” ҳарбий ўқув машғулотларининг Россияда ўтаётган босқичида иштирок этаётган Ўзбекистонлик ҳарбийлар Донгуз полигонидаги барча бўлинмаларга ош дамлаб берди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлигига таянган ҳолда Новости агентлиги 11 сентябрда хабар берди.
Маълумотда айтилишича, ўзбек ҳарбийлари гурунчни, зираворларни ва қозонни ўзлари билан Ўзбекистондан олиб келишган.
Вазирлик расмийси Ўзбекистон ҳарбийлари яқин кунларда машғулотларга тайёргарликнинг фаол фазасида иштирок эта бошлашини билдирган.
16 сентябрдан 21 сентябргача машғулотлар Оренбург, Доғистон, Астрахан, Челябинск, Кемерово ва Олтойда ўтказилади. Унда 128 минг ҳарбий, 20 минг техника, 600га яқин самолёт ҳамда вертолёт, 15тагача ҳарбий кема иштирок этишини маълум қилди.
“Марказ-2019” ўқув машғулотларида 8 мамлакат - Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этади.
Ўзбекистоннинг юз кишидан иборат аскарлари гуруҳи Оренбургнинг Донгуз полигонига 7 сентябрь куни етиб келган эди.
Аввалроқ “Марказ-2019”нинг биринчи босқичи Намангандаги Ғурумсарой полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида ўтказилиши хабар қилинган эди. машғулотда Ҳар иккала томондан 200дан ортиқ аскар, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар иштирок этади. Ғурумсарой полигонида шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифалар амалда бажарилади.