Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” мавзусида тадбир ўтказилди деб ёзади Uz.A нашри. Ёзувчи-шоирлар, фахрий ҳарбийлар, эл ардоғидаги санъаткорлар, таниқли журналист ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг биринчи курс курсантлари иштирокидаги тадбир юрт осойишталиги, Ватан тараққиёти ва халқнинг фаровон яшаши учун ўз ҳиссасини қўшаётган ҳарбийлар ҳаётидан олинган видеолавҳа намойиши билан бошланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шукур Қурбон, Бахтиёр Ҳайдаров, Бобур Бобомурод, Амир Худойберди, Абдумажид Азимов, Ўктамой Холдоровалар ҳарбийларнинг юрт осойишталигидаги ўрни ҳақида гапирди. Ҳарбий соҳани танлаган курсантлар бу йўл ота-бобомиздан қолган шарафли йўл эканлиги, ҳар қадамда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур авлоди эканлигидан фахрланиб юришлари таъкидланди. – Бугун замон шиддатига ҳамоҳанг ҳарбий соҳа ҳам тараққий этмоқда, – деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъфодаги полковник Зикрилла Неъматов. – Ҳарбийлари қудратли юрт, қудратли бўлади, дея бежизга айтилмаган. Бугун соҳага йўналтирилган мактаблардан тортиб, олий ўқув юртлари ҳам замонавий техникалар билан таъминланган. Ўқувчи ва курсантлар илғор педагоглар сабоқларини олмоқда. Улар ватанпарвар бўлиб улғайиши учун ёзувчи-шоирлар, фан ва маданият ходимлари ҳамда олимлар иштирокида учрашувлар ташкил этилиб, очиқ дарслар ўтилмоқда. Тадбирда Ватан ҳимоячиларга бағишланган шеърлар ўқилди, санъаткорлар қўшиқ куйлади. Байрам доирасида кутубхонада “Юртимиз тинчлигининг мустаҳкам қалқонлари” мавзусида кўргазма очилди.