ОАВ: АҚШ Россиянинг Украинага оид “даҳшатли” режаси ҳақида БМТни огоҳлантирди
АҚШнинг Женевадаги элчиси Нелл Крокер 20 февраль куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссарига йўллаган мактубида АҚШ разведкаси тўплаган “хавотирли маълумотлар” тафсилотларини айтиб ўтган.
Мактуб АFP, Reuters ва Dpa ахборот агентликлари хабар қилди.
“Биз Россиянинг Украинанинг аллақачон босиб олган қисмларида давом этаётган инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатларидан чуқур хавотирдамиз ва бу хавотирлар янги ҳарбий босқиндан сўнг янада кўпайишига ишониш учун барча асосларимиз бор”, — дейилади мактубда.
Крокер мактубда Кремль Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига қарши чиққанларни ўлдириш, ўғирлаш, ҳибсга олиш ва қийноққа солишни режалаштираётганини даъво қилган.
Шунингдек, мактубга кўра, Украинада сургунда бўлган рус ва беларуслик қочқинлар, журналистлар ва бошқа фаоллар нишонга олиниши мумкин.
“Россия ўлдириши ёки ҳарбий ишғолдан кейин лагерларга юборилиши керак бўлган украиналикларнинг рўйхатини тузаётганини кўрсатадиган ишончли маълумотларга эгамиз”, дея қайд этилган мактубда.
Крокер, шунингдек, Қўшма Штатлар рус армияси норозилик намойишларини тарқатиб юбориш ёки "аҳолининг тинч қаршилик ҳаракатларини" бостириш учун ҳалокатли усуллардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга эканлигини қўшимча қилган.
АҚШ юборган мактубида маълумот манбалари ошкор этилмаган.
21 февраль куни бунга жавобан Кремль бу хабарларни “мутлақо ёлғон” деб атади.
АҚШ ва бошқа Ғарб расмийлари Россияни Украинага бостириб киришни режалаштираётганликда айбламоқда.
Чегара яқинида 150 мингга яқин аскар тўпланганига қарамай, Москва бундай режаларни рад этиб келади.
