Ультиматум муддати битганидан сўнг Ереванда мухолифатнинг норозилик акциялари бўлиб ўтди
Арманистон бош вазири Никол Пашинянга мухолифат томонидан истеъфога кетиш бўйича қўйилган ультиматум муддати 8 декабрь куни битганидан кейин норозилар Еревандаги бир неча кўчани тўсиб қўйишга ҳаракат қилдилар. Мухолифат партиялари фуқаровий бўйсунмаслик акциясини бошлашларини билдирдилар.
Мухолифатнинг Пашиняндан истеъфо талаб қилишига бош вазирнинг Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий тўқнашувни ҳал қилиш бўйича тутган мавқеи сабаб бўлган. Пашинян, Путин ва Алиев ўртасида эришилган битимга мувофиқ, Тоғли Қорабоғнинг қатор туманлари Озарбайжонга қайтарилиши лозим.
Норозилар гуруҳи “Никол хоин!” ҳайқириқлари билан Ереваннинг турли мавзеларидаги кўчаларни тўсиб, бир неча соатга пойтахт метроси фаолиятини тўхтатиб қўйган. Полиция тадбирда иштирок этган ўнлаб одамни тутиб кетган. Норозилик акциялари Арманистоннинг Гумри, Ванадзор ва бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.
“Дашнакцутюн” партияси лидерларидан бири Ишхан Сагателян Пашинян истеъфога чиқмагани ортидан арманистонликлар бўйсунмаслик акцияларини ўтказишга ҳақли эканини билдирган. У хавфсизлик кучлари ходимларини “Пашиняннинг ғайриқонуний буйруқлари”ни бажармасликка чақирган.
Ўз навбатида Пашинян Боку билан имзоланган битим ҳақиқатан Ереван учун ёмон бўлгани, бироқ унда бошқа чора бўлмаганини айтмоқда. Бош вазирга кўра, битим тузиш кўплаб аскарлар ҳаётини сақлаб қолиш ва Тоғли Қорабоғнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини Арманистон назорати остида қолдириш учун ягона йўл бўлган.