“UNICORNS” лойиҳасида 25 та стартап молиялаштирилди
Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Андижон шаҳридаги “Рақамли шаҳар”да “Unicorns” лойиҳасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 21-22-май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг энг яхши стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун 2 млрд сўм маблағ ажратилиши ҳақидаги кўрсатмасига биноан амалга оширилди.
“Демо дай”да Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси вакиллари, ҳамкор инвесторлар ҳамда акселерация финалчилари иштирок этди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари лойиҳаларни 4 асосий мезон, яъни лойиҳанинг инновационлиги, мақсадга мувофиқлиги, жамоавий салоҳият ва ижтимоий таъсири бўйича холис баҳоладилар. Танлаб олинган 25 та стартаплар ғолиблик учун қизғин кураш олиб борди. Баҳолаш натижаларига кўра, 10 та лойиҳага 2 млн сўмдан “Рақамли шаҳар”дан фойдаланиш учун ваучерлар тақдим этилди. 10 та лойиҳага 40 млн сўмдан беғараз грант ажратилди. Қолган 5та лойиҳага икки тарафлама келишув асосида инвестиция киритилишига келишиб олинди.
Маълумот учун: “ Unicorns” лойиҳасига жами 466 та лойиҳалардан аризалар келиб тушган. Улардан 215 таси интервью, 69 таси акселерация босқичидан ўтиб, “Демо дай” босқичига 25 та стартап тақдимот учун саралаб олинган.