“Челси”да инқироз кучаймоқда: Лиам Росеньор ҳам "ҳайдалиши" мумкин...
Англия Премьер-лигасида натижалари кутилган даражадан анча паст бўлиб қолаётган “Челси” клуби янги бош мураббий Лиам Росеньор фаолиятидан тўлиқ қониқмаяпти. Январь ойида тайинланган мутахассис жамоани барқарорлаштиришга уринган бўлса-да, натижалар раҳбариятни ишонтира олмаган.
Клуб ичида вазият янада оғирлашиб, бир неча асосий футболчилар “Стэмфорд Бридж”ни тарк этишни ўйламоқда. Улар қаторида Энцо Фернандес, Марк Кукурелья ва Мойсес Кайседо каби етакчи ўйинчилар бор. Ҳатто Коул Палмернинг келажаги ҳам ҳали тўлиқ кафолатланмагани айтилаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Жамоа муҳитидаги фикрларга кўра, Росеньорнинг тажрибаси ва бошқарув салоҳияти “Челси”ни йирик совринлар учун реал даъвогар даражасига олиб чиқиш учун етарли эмас. Шу сабабли унинг иш фаолияти атрофида шубҳа ва босим тобора кучайиб бормоқда.
“Football Insider” маълумотларига кўра, бу шубҳалар клуб раҳбариятига ҳам етиб борган ва улар эҳтимолий янги мураббий варианти устида иш бошлаган. Клуб агентлар ва воситачилар орқали бозорни ўрганишга киришгани айтилади.
Манбаларда Росеньорнинг келажаги деярли ҳал бўлгани таъкидланмоқда. Энг катта савол — уни ким алмаштиради, холос.
Ҳозирча “Челси” қайси йўлни танлаши аниқ эмас. Вариантлар орасида Сеск Фабрегас ва Фрэнк Лэмпард каби клуб афсоналари, шунингдек Луис Энрике ва Унаи Эмери каби тажрибали мураббийлар тилга олинмоқда. Шу билан бирга, Премьер-лигада яхши ном қозонган Марку Силва, Оливер Гласнер ва Андони Ираола ҳам вариантлар қаторида, айниқса уларнинг шартномалари мавсум якунида тугаши вазиятни янада қизиқ қилади.
“Челси”даги бу ноаниқлик мухлисларни ҳам хавотирга солмоқда — клуб яна катта ўзгаришлар остонасида турибди.
