Жавоҳир Синдаров 10-турда ҳам Рамешбабу Прагнанандҳани мағлуб этди
Кипрда ўтаётган нуфузли Номзодлар турнири тобора қизғин паллага кириб бормоқда ва унда ўзбекистонлик иқтидорли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров барқарор ва ишончли ўйини билан ажралиб турибди.
10-тур доирасида у оқ доналарда ҳиндистонлик кучли рақиб Рамешбабу Прагнанандҳани мағлуб этиб, навбатдаги муҳим ғалабани қўлга киритди. Ушбу натижа нафақат турнир жадвалига, балки Синдаровнинг руҳий устунлигига ҳам катта таъсир кўрсатди.
Бу ғалабадан сўнг Жавоҳир 10 партиядан кейин 8 очко жамғариб, пешқадамликни янада мустаҳкамлади. Айни пайтда у энг яқин тақибчиларидан икки очкога илгарилаб кетган бўлиб, бу ҳолат турнир якунига 4 тур қолган бир вақтда жуда муҳим устунлик ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, 11-тур баҳслари 11 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Синдаров қора доналарда америкалик тажрибали гроссмейстер Фабиано Каруанага қарши майдонга тушади. Бу қарама-қаршилик турнирнинг энг қизиқарли ва ҳал қилувчи учрашувларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этаётган ушбу мусобақада ҳар бир юриш, ҳар бир қарор катта аҳамият касб этмоқда. Синдаров эса ўзининг совуққонлиги ва ҳисоб-китобга асосланган ўйини билан чемпионликка жиддий даъвогар эканини намоён этмоқда. Мухлислар эса катта умид ва ҳаяжон билан унинг кейинги юришларини кузатмоқда.
