Артета «Спортинг» устидан қозонилган қийин ғалабани қандай баҳолади?
Лондоннинг “Арсенал” клуби бош мураббийи Микел Артета Чемпионлар лигаси чоракфинали доирасида Лиссабоннинг “Спортинг” жамоасига қарши сафарда қўлга киритилган муҳим ғалаба (1:0) ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, бу муваффақият жамоа учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Унинг сўзларига кўра, узоқ вақтдан бери мағлубият нималигини билмаётган кучли рақибни ўз майдонида енгиш осон вазифа эмас эди. Бу эса “Арсенал” олдида қанчалик мураккаб синов турганини яққол намоён этди.
"Жуда ҳам хурсандман. Чемпионлар Лигаси чоракфиналида, сафарда, жуда узоқ вақтдан бери мағлуб бўлмаётган жамоани енгиш… Бунинг барчаси вазифамиз қанчалик оғир бўлганини кўрсатади", – деди Артета.
Артета учрашув давомида жамоаси рақиб жарима майдончаси атрофида кўп бор хавфли вазиятлар яратганини, бироқ ҳал қилувчи зарбаларда аниқлик етишмаганини қайд этди. Унинг фикрича, бундай даражадаги жамоаларга қарши ўйинларда ҳар бир имкониятдан максимал даражада фойдаланиш талаб қилинади.
"Ҳар сафар рақиб жарима майдончасига яқинлашганимизда бизга нимадир етишмасди. Янада аниқроқ ҳаракат қилишимиз талаб қилинарди. Бундай рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш учун тез ва самарали ҳаракат қилиш талаб этилади", – деди Артета.
Шу билан бирга, мураббий футболчиларнинг интилиши ва сабр-тоқатини юқори баҳолади. У ўйиннинг сўнгги дақиқаларида юз берган голли эпизодни алоҳида таъкидлаб, икки ҳужумчи томонидан қабул қилинган тўғри қарорлар жамоага ғалабани тақдим этганини айтди.
"Икки-уч марта гол уришга жуда яқин келдик, ўйин охирида эса эртакнамо эпизод юз берди. Икки ҳужумкор футболчининг ажойиб қарорлари ўйин бизнинг фойдамизга ҳал бўлишини таъминлади", – деди Артета дея унинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.
Маълумот учун, “Арсенал” ва “Спортинг” ўртасидаги жавоб учрашуви 15 апрель куни Лондондаги “Эмирейтс” стадионида бўлиб ўтади. Ушбу баҳсда қайси жамоа ярим финалга йўл олиши ҳал бўлади ва мухлислар яна бир шиддатли тўқнашувга гувоҳ бўлиши кутилмоқда.
