Арбелоа "Бавария"дан учралган мағлубият ҳақида қандай фикр билдирди?
Европа Чемпионлар лигаси чоракфинал босқичида «Бавария»га қарши ўтказилган илк баҳсда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган «Реал» жамоаси бош мураббийи Альваро Арбелоа ўйиндан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, мадридликлар ҳали ҳам кейинги босқичга чиқиш учун етарли имкониятга эга.
Мутахассис жамоанинг ҳолатига реал баҳо бериб, ҳеч қандай тушкунликка тушмаслик кераклигини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, жавоб учрашуви олдидан вазият ҳали ҳам очиқ ва «Реал» каби катта клуб учун бу ҳисоб ҳал қилувчи эмас.
«Биз ҳали ҳам ўйиндамиз, вазиятни ўзгартириш имконияти бор. Фақат битта гол етишмаяпти, холос. “Реал” исталган стадионда ғалаба қозона оладиган жамоа. Афсуски, бугун ўз имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олмадик. Биринчи бўлимда жуда эҳтиёткор ва чуқур ўйнадик, бу эса рақибга ташаббусни бериб қўйди», — деди Арбелоа.
Шу билан бирга, у иккинчи бўлимда жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатилганини таъкидлади. Унга кўра, футболчилар майдонда характер ва ирода намойиш этган.
«Танаффусдан кейин ўйинимизни анча яхшиладик. Жамоа руҳан кучли эканини кўрсатди. Энг муҳими — ҳали ҳаммаси ўз қўлимизда», — дея қўшимча қилди мураббий.
Маълумот учун, жавоб учрашуви 15 апрель куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу баҳсда қайси жамоа ярим финалга йўл олиши аниқ бўлади.
