Элдор Шомуродовнинг "Рома"даги жойини Муҳаммад Салоҳ эгаллайдими?
Италия чемпионатида юқори ўринлар учун курашаётган “Рома” клуби бу мавсум бошланишидан олдин ўз ўзбек форварди Элдор Шомуродовни Туркия чемпионати вакили “Истанбул Башакшеҳир”га ижарага юборган эди. Шу вақтдан бери римликлар Элдорнинг ўрнини тўлиқ босадиган ишончли ҳужумчини топа олишмаяпти.
Шомуродовнинг жойига Англия Премьер-лигасидан таклиф қилинган ирландиялик Эван Фергюсон ҳам ишончни оқлай олмади. А Серияда 16 та учрашувда фақат учта гол урган Фергюсоннинг саломатлик билан боғлиқ муаммолари ҳам унинг самарадорлигини пасайтирди. Шу сабабли “Рома” уни мавсум охирида қайта олиб келишга қарор қилди.
Ижара вақтида “Рома” Шомуродов учун истанбулликлардан 3 миллион евро олган. Қўшимча шартга кўра, агар “Башакшеҳир” Туркия Суперлигасида ўз ўрнини сақлаб қолса, улар ўзбек ҳужумчисини 2,8 миллион евро қўшимча тўлаб, тўлиқ трансфер қилиш мажбуриятини бажаради.
Истанбул клуби эса Суперлигада юқори ўринларга даъвогарлик қилмоқда, Европа турнирларига йўлланма олиш мақсадида рақобат қилади. Шу жиҳатдан, 27 та учрашувда рақиблар дарвозасини 16 маротаба ишғол қилган Элдорнинг ҳиссаси муҳим аҳамиятга эга.
Бу ҳолатдан шундай хулоса қилиш мумкинки, Шомуродов ёзда Римга қайтмайди ва “Рома” билан алоқалар тўлиқ узилади. Унинг ўрнини эса клуб Муҳаммад Салоҳ билан тўлдиришга тайёргарлик кўряпти.
Мисрлик юлдуз яқинда мавсум якунига келгач, “Ливерпуль”ни тарк этишини эълон қилган. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, 33 ёшли ҳужумчи ўз фаолиятида ижобий бурилиш ясаган Италия А Сериясига қайтиши мумкин. Салоҳ 2015-2017 йилларда “Рома”да ўйнаб, юқори даражали ҳужумчи сифатида ном қозонган эди.
Нуфузли La Gazzetta dello Sport нашри ҳам Муҳаммад Салоҳнинг “Ливерпуль”ни тарк этиб, айнан “Рома”га қайтиш имкониятларини кўриб чиқаяпти, деб хабар берди. Манбага кўра, у Италия клубида бир мавсум ўтказиши мумкин, бу эса унинг келажакка оид қарори учун вақт бериш мақсадини кўзлайди.
Салоҳ “бўрилар” сафида барча мусобақаларда 83 та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 34 марта ишғол қилган ва жамоадошларига 21 та голли узатма берган. Жорий мавсумда эса “Ливерпуль” сафида 34 та ўйинда 10 та гол урди ва 10 та голли узатма амалга оширди.
Transfermarkt маълумотига кўра, ҳозирги кунда футболчининг бозор қиймати 30 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Энди римликлар Муҳаммад Салоҳ орқали ҳужумий салоҳиятни кучайтириш ва А Серияда юқори мақсадларга эришиш имконини кўзламоқда.
