Украинанинг 10 вилоятида ҳарбий ҳолат жорий қилинди. Россия Қримга яна ракеталар жўнатмоқда
Украина Россиянинг “тажовузи” ортидан мамлакатнинг шарқий вилоятларида 30 кунлик ҳарбий ҳолат жорий қилди. Айни пайтда Россия 2014 йилда босиб олгани ҳудуд - Қримда авиацияга қарши ракеталар жойлаштириш билан ярим орол хавфсизлигини мустаҳкамламоқчи эканини эълон қилди.
Украина Россия ҳамда Молдованинг россияпараст Днестрбўйи минтақаси билан чегарадош 10 та вилоятида ҳарбий ҳолат жорий қилди. Бунга Россия соҳил қўриқчи кемаси Украина ҳарбий-денгиз флоти кемаларини уриб шикаст етказгани, ўққа тутгани ва 20 дан ошиқ денгизчисини ҳибсга олгани, улардан 6 нафари яралангани сабаб бўлди. Россия Украина кемалари ўз ҳудудига ноқонуний кирганини иддао қилди, аммо Киев буни рад этмоқда.
Бу инцидент Ғарб мамлакатлари раҳбарларини дарғазаб қилди. АҚШ президенти Дональд Трамп жорий ҳафта охирида Аргентинада Россия президенти Владимир Путин билан учрашувини бекор қилиши мумкинлигини айтди.
Украина парламенти 26 ноябрь куни президент Петро Порошенко таъбири билан айтганда, “Россия тажовузига нишон бўлиши” мумкин бўлган 10 та вилоятда ҳарбий ҳолат жорий қилиш учун овоз берди.
Кремль ҳарбий ҳолат жорий этилишини “калтабинлик” деб атади ва бу ҳол Украина “жануби-шарқидаги можароли минтақада кескинликни ошириб юбориши мумкинлиги”ни билдирди.
Порошенко Россиянинг хатти-ҳаракатлари “кенг қамровли уруш” таҳдиди эканини айтди ва Москвани Украина атрофида ҳарбий қувватини ошираётганликда айблади.
Ушбу можаро Россия май ойида Қримга кўприкни ишга туширгандан сўнг Керчь бўғози атрофидаги юзага келган кескинлик ортидан вужудга келди.
Украинанинг Қора ва Азов денгизларидаги портлари ўртасидаги қатнов фақат Керчь бўғози орқали амалга оширилади.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ҳизер Ноэрт Европа мамлакатларини Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди ҳамда Вашингтон Россияга қарши санкциялар қаттиқроқ қўлланишига эришмоқчи эканини маълум қилди.
Киев билан Ғарб мамлакатларининг асир олинган украин денгизчилар қўйиб юбориш хусусидаги даъватларига қарамай, Симферополь шаҳри суди 27 ноябрда уларни икки ой ушлаб туриш тўғрисида қарор чиқарди. Айрим денгизчилар устидан 28 ноябрда суд бўлади.