Порошенко Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтган россияликларга жазони кучайтирди
![Порошенко Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтган россияликларга жазони кучайтирди](https://gdb.rferl.org/66ED5B80-6928-47AD-8D6F-3522582C9B28_w800_h450.jpg)
Украина президенти Пётр Порошенко давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган "тажовузкор-мамлакат" фуқароларини жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қонун лойиҳасини имзолади.
Ушбу қонун лойиҳаси октябрь ойида Украина парламенти томонидан қўллаб-қувватланган эди.
Қонун лойиҳасига кўра, мамлакат чегарасини ноқонуний тарзда бир марта кесиб ўтган шахсларга уч йилгача қамоқ жазоси тайинланади.
Агар айни амал яна такрорланса – беш йилгача, агар қурол ишлатилган бўлса – 8 йилгача қамоқ жазолари тайинланади.
Жазо чегара пунктидан ҳужжатсиз ёки қалбаки ҳужжатлар билан ўтганларга нисбатан қўлланилади.
Январь ойида расмий Киев Қримни босиб олгани ҳамда Донецк ва Луганцк вилоятларида айирмачиларни қўллаб қувватлагани учун Россияни расман "тажовузкор-мамлакат" дея тан олди.
Охирги йилларда Қрим ҳудудига рухсатсиз кирган юзлаб россияликларга Украинага кириш тақиқланди.