Дино Баджо: А Серия "олтин давр"ни бошдан кечирган...
Италия миллий жамоасининг собиқ футболчиси Дино Баджо 1990-йиллар А Серияси ҳақида хотиралари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, ўша даврда Италия чемпионати дунё футболида энг кучли ва нуфузли лигалардан бири бўлган.
“Ҳамма айнан шу ерга келишни истарди. Энг юқори даражадаги хорижлик футболчилар шу ерда тўп суришарди. Балки улар сони ҳозиргидан камроқ бўлгандир, лекин барчаси ҳақиқий жаҳон даражасидаги юлдузлар эди. Клублар ҳам футболчиларни танлашда анча қаттиқ талаб қўярди,” — дейди Баджо.
Унинг сўзларига кўра, ўша пайтда А Серия Англия Премьер-лигаси билан бир қаторда энг рақобатбардош чемпионатлардан бири ҳисобланган. Италия футболи ҳақиқий “олтин давр”ни бошдан кечирган.
Баджо ўша йиллардаги юлдузларни эслаб, “Милан” таркибида Марко ван Бастен, Руд Гуллит ва Франк Райкард каби голландиялик афсоналар тўп сурганини, “Интер”да эса Лотар Маттеус, Андреас Бреме ва Юрген Клинсманн каби немис юлдузлари ўйнаганини таъкидлайди. Шунингдек, 80-йиллардаги бразилиялик усталар — Зико ва Пауло Фалькао ҳам Италия футболига катта таъсир кўрсатган.
Унинг фикрича, ўша даврда “Олтин тўп” соҳиблари ҳам А Серияни бойитиб турган. Ҳозирги кунда эса вазият ўзгарган: энг яхши футболчилар Испания, Англия ёки Франция чемпионатларини танламоқда, Италияга эса кўпроқ бошқа вариантлардан қолганлар йўл олишмоқда.
Баджонинг сўзлари AS нашри томонидан иқтибос сифатида келтирилган.
