Дубль қайд этган Элдор Шомуродовнинг ҳаракатлари қандай баҳоланди?
Туркия Суперлигасининг 29-тури доирасида “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Генчлербирлиги” жамоасини ишончли тарзда 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг асосий қаҳрамонларидан бири Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов бўлди. У баҳс давомида икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиб, дубль муаллифига айланди ва жамоасининг муҳим ғалабасида ҳал қилувчи роль ўйнади.
Ўйиндан кейин бир қатор халқаро статистик платформалар футболчининг ҳаракатларини юқори баҳолади. “Fotmob” унинг ўйинига 8.9 балл берган бўлса, “Sofascore” платформаси 8.7 балл билан баҳолади. Шунингдек, “Flashscore” платформаси уни 8.6 баллга муносиб кўрди.
Айни дамда Элдор Шомуродов 18 та гол билан Суперлига тўпурарлар рейтингида иккинчи ўринда бормоқда ва мавсум охиригача курашни давом эттирмоқда.
