Криштиану Роналду урган 6 та гол бекор қилинадими?
Sofascore статистик портали 2023 йилда бўлиб ўтган Араб клублари чемпионатида Криштиану Роналду томонидан урилган 6 та гол бўйича расмий изоҳ берди. Мутахассислар таъкидлашича, турнирнинг халқаро мақоми ҳали ФИФА томонидан тўлиқ аниқлаб берилмагани сабабли статистик платформаларда турли ҳисоб-китоблар юзага келмоқда.
Айнан шу сабабли айрим манбалар Роналдунинг умумий голлари сонини 961 та деб кўрсатса, бошқа ҳисоб-китобларда рақамлар бироз фарқ қилади.
Sofascore эса ўз позициясини очиқ билдирди ва ушбу 6 та голни футболчининг профессионал карьерасига қўшилган расмий натижалар сифатида қайд этди. Шу тариқа уларнинг ҳисоб-китобига кўра, португалиялик юлдузнинг умумий голлари сони 967 тага етган.
“Бу турнир доимий равишда бизнинг маълумотлар базамизда мавжуд бўлган. Шунинг учун мазкур 6 та гол ҳам унинг карьера статистикасига киритилади. Биздаги ҳисоб-китобга кўра, Роналдунинг умумий голлари 967 та”, — дейилади портал баёнотида.
Шу билан бирга, платформа фойдаланувчилар фикрини ҳам эътиборга олишини ва Роналдунинг 1000 та голлик тарихий нишон сари йўлини доимий кузатиб боришини маълум қилди.
“ФИФА томонидан якуний ўзгаришлар киритилмагунча, ҳисоб-китоблар шу тарзда қолади”, — дея қўшимча қилди Sofascore.
Футбол мухлислари эса Роналдунинг ҳар бир голини тарихий натижа сифатида қизиқиш билан кузатишда давом этмоқда.
