Баҳодир Жалолов эркак кишини синдирадиган икки омилни очди
Машҳур боксчи, Олимпия чемпиони Баҳодир Жалолов интервюларидан бирида эркак кишининг ҳаётида энг катта тўсиқ бўладиган омиллар ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, эркакни синдирадиган иккита асосий нарса бор: “Эркак кишини икки нарса синдиради — аёллар ва ичкилик. Агар шу икки омилдан узоқ юрса, эркак ҳамма нарсани енга олади, ҳар қандай мақсадига эришади. Аллоҳ ҳам унинг йўлини очади”, — деди спортчи.
Жалоловнинг фикрича, инсон ўзини назорат қила олса ва зарарли одатлардан тийилса, унинг ишлари ҳам ўз-ўзидан ривож топади: “Агар эркак аёл ва ичкиликдан тийилса, унинг ишига ҳам Аллоҳ барака беради”, — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, чемпион ўз ҳаётий тамойиллари ҳақида ҳам гапирди. “Мен ўзимни шу икки нарсадан узоқ тутганман. Энг муҳими — юлдузлик касалига чалинмаслик. Инсон аввало Аллоҳдан шуни сўраши керак. Қолганини Аллоҳнинг ўзи тўғрилаб, тўғри йўлга бошлайди”, — деди у.
Мазкур фикрлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, кўплаб кузатувчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
