Бордалас Мбаппега қарши ўйнай олмаслигимиз ачинарли деди
«Хетафе» бош мураббийи Хосе Бордалас «Реал» сафида Килиан Мбаппенинг йўқлиги уни хурсанд қилмаётганини айтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Юлдузли франсуз футболчиси жароҳати сабаб Ла Лигадаги яқин учрашувни ўтказиб юборади.
«Мен доим майдонда энг кучлилар ўйнашини истайман. Футболни ҳам, ишимни ҳам яхши кўраман, шунинг учун буюк футболчиларнинг ўйинини томоша қилиш ёқади. Мбаппе каби даражадаги ўйинчи бу баҳсда қатнашa олмагани ачинарли, чунки у бўлганда томоша янада ёрқинроқ бўларди», — дея Бордаласнинг сўзларини Diario AS келтирди.
Учрашув душанба куни «Сантяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтади. Старт ҳуштаги 01:00 да (Тошкент вақти билан).
