Кавани «Бока Хуниорс»да қолиши тобора шубҳа остида
Уругвайлик ҳужумчи Эдинсон Кавани «Бока Хуниорс»ни тарк этиши мумкин. Бунга сабаб футболчининг ўзи эмас, балки клуб атрофидаги босим: унинг ўйини мухлисларни қониқтирмаяпти ва трибунадан ҳуштаклар тобора кўпаймоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Сўнгги учрашувда Кавани захирага олинган пайтда ҳам мухлислар уни ҳуштакбозлик билан кузатди. Бироқ бу ўзгариш натижа бермади: «Бока» «Платенсе» дарвозасини ишғол қила олмади ва баҳс 0:0 ҳисобида якунланди.
Аргентин ОАВи энди Каванининг шартномаси узайтирилиши масаласига жуда эҳтиёткор ёндашмоқда. Устига устак, клуб паргвайлик Адам Барейрони таркибга қўшиб олди ва кўплар айнан у 39 ёшли тажрибали футболчини асосий таркибдан сиқиб чиқаришини кутмоқда.
