«Монако» ПСЖга қарши ўйин олдидан таркибда йўқотишларга учради
«Монако» таркиб борасида жиддий муаммоларга дуч келди. GFFN хабарига кўра, жамоанинг уч футболчиси Европа Чемпионлар лигасида «Пари Сен-Жермен»га қарши учрашувда майдонга тушиши гумон остида. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ҳужумчи Магнес Аклиуш 13 февраль куни «Нант»га қарши баҳсда сон мушагидан жароҳат олиб, сафдан чиқди. Ўша ўйинда ярим ҳимоячи Ламин Камара ҳам тўпиғидан шикастланиб, учрашувни муддатидан олдин тарк этди. Яна бир йўқотиш — қанот ҳужумчиси Ансу Фати: у соннинг тўрт бошли мушагидан жароҳат олган.
Уч футболчининг барчаси 17 февральга белгиланган ўйин олдидан тиббий кўрикдан ўтади ва шундан кейин якуний қарор қабул қилинади. Жавоб учрашуви эса 26 февраль куни ўтказилиши режалаштирилган.
