Трубин «Реал» дарвозасига урган голи уни кўпчиликка танитганини айтди
Португалиянинг «Бенфика» клуби дарвозабони Анатолий Трубин Мадриднинг «Реал» жамоаси дарвозасига урган голи ҳақида эслаб ўтди. Ўша вазият «бургутлар»нинг Чемпионлар лигасида плей-офф босқичига чиқишида ҳал қилувчи рол ўйнаган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Трубин The Athletic’га берган изоҳида, 6 ёшидан бери футбол ўйнаб, асосий мақсади гол ўтказмаслик бўлганини таъкидлади. Унинг айтишича, айнан битта эпизоддан сўнг кўпчилик уни дарвозабон эмас, гол урган футболчи сифатида ҳам таниб қолди.
Дарвозабон бу воқеа ҳанузгача ўзига ғалати туюлишини яширмади. Тренингдан кейин бир мухлис уни тўхтатиб, суратга тушишни сўрагани ва «қандай чиройли гол эди» деб айтгани Трубин учун ҳамон кутилмаган ҳолат бўлиб қолмоқда. «Бу лаҳза доим мен билан қолади», деди у.
Трубиннинг сўзларига кўра, ўша пайтда «Бенфика» кейинги босқичга чиқиши учун яна битта гол зарурлигини у тўлиқ билмаган. Жарима зарбаси тайинланганда мураббий уни олдинга чиқишга ишора қилган, шунда Трубин атрофдагилардан «бизга яна гол керакми?» деб сўраб ҳам олган.
Дарвозабон вазият жуда тез содир бўлганини, майдонда кўп ўйламасдан ҳаракат қилишингни айтди. У пас жуда аниқ чиққанини ёки «шундай бўлиши керак» бўлгани учун гол урилгандек таассурот қолдирганини қўшимча қилди.
Чемпионлар лигаси плей-оффида «Бенфика» яна Мадриднинг «Реал» жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашувлар 17 ва 26 февраль кунлари бўлиб ўтади.
