Пьер Саж «Ланс» пешқадамлиги ҳақида босқичма-босқич ёндашувни айтди
«Ланс» бош мураббийи Пьер Саж чемпионлик пойгаси борасида навбатдаги фикрларини билдирди. «ПСЖ»нинг очко йўқотиши ва жамоасининг «Париж» устидан 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабасидан сўнг, «Ланс» Франция чемпионати турнир жадвалида етакчиликка чиқди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассис пешқадамлик ва катта ҳисобдаги ғалабадан мамнунлигини яширмади, бироқ чемпионлик ҳақида ошкора гапиришдан атайлаб тийилаётганини таъкидлади.
«Ҳозир бизда аниқ ва очиқ эълон қилинган амбициялар бор, энг муҳими — улар амалга ошадиган мақсадлар. Футболчилар мақсадга эришиш учун қайси босқичлардан ўтиш кераклигини яхши билишади. Биз босқичма-босқич олдинга юрамиз. Биринчи босқич аллақачон бажарилди», — дея Сажнинг сўзларини келтиради Le Parisien.
Саж жамоа ичида вазият хотиржам эканини, футболчилар эса диққатни йўқотмаётганини ҳам қайд этди.
«Улар ҳамма нарса босқичма-босқич — жиддий ёндашув, фидойилик ва қатъият орқали қўлга киритилишини тушунишади. Биз муваффақиятсизроқ кунлар ҳам бўлишини биламиз. Шундай бўлса-да, кейинги Чемпионлар лигасига чиқиш учун барибир ғалаба қозонишимиз керак», — деди мураббий.
Ҳозирда «Ланс» ҳисобида 52 очко бор, «ПСЖ» эса бир очко кам жамғарган.
