Почеттино Мессии, Неймар ва Мбаппени бошқариш қийин деди
ПСЖнинг собиқ бош мураббийи Маурисио Почеттино Парижда юлдузлар билан ишлаш осон эмаслигини таъкидлади. Аргентиналик мутахассис даврида ҳужумда Лионел Месси, Неймар ва Килиан Мбаппе учлиги майдонга тушган эди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Почеттинонинг айтишича, бундай футболчилар баъзан ўйнаётган клубидан ҳам каттароқ миқёсга эга бўлади ва бу мураббий ишини янада мураккаблаштиради. У, хусусан, Мессидан доимий прессинг кутиб бўлмаслигини қайд этди: Месси ҳатто Гвардиола қўл остидаги энг зўр йилларида ҳам доимий прессинг қилмаган.
Мутахассис фикрича, натижа бўлмаган пайтда айб кўпинча футболчиларга эмас, мураббийга юкланади. Почеттино The Touchline нашрига берган изоҳида айнан шу ҳолатни мисол сифатида келтирди.
Ҳозирда Маурисио Почеттино АҚШ терма жамоасини жаҳон чемпионатига тайёрламоқда. ОАВда эса у ёзда яна «Тоттенҳем»га қайтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган.
