Салоҳ Саудияга кетадими? У кетса "Ливерпул" Нико Уилямсни олиб келади
Ёзги трансферлар ойнаси ҳали очилмаган бўлса ҳам, «Ливерпул» атрофидаги гап-сўзлар аллақачон қизиб кетди. Хабарларга кўра, мерсисайдликлар ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ мавсум якунида жамоани тарк этиши мумкин — Саудия томонидан жиддий қадамлар тайёрланаётгани айтилмоқда.
Манбаларда қайд этилишича, "Ал Иттиҳод" мисрлик юлдузни олиб келиш учун фаол ҳаракатга тушган ва томонлар ўртасида норасмий мулоқот ҳам бўлиб ўтгани тилга олинади. Бу ҳали “расмий битим” дегани эмас, лекин трансфер бозорида айнан шундай “сирли қўнғироқлар” кейин катта янгиликка айланиб кетиши ҳеч гап эмас.
Энг қизиғи, "Ливерпул" ҳам эҳтимолий сценарийларга тайёр тургандек: айрим хабарларда клуб Салоҳ кетиб қолса, унинг ўрнига Нико Уилямс вариантига жиддий қараяпти. Айтилишича, англияликлар испаниялик вингернинг товон пулига тенг — 95 миллион евро атрофида маблағ тўлашга ҳам тайёр.
Бу вариант “қағозда” жуда мантиқий кўринади: Уилямс тезкор, яккама-яккада хавфли, қанотда ўйинни “чақиб” юборадиган футболчи. Аммо битта нюанс бор — у "Атлетик" билан узоқ муддатли келишувга эга. У 2035 йил ёзигача мўлжалланган шартнома имзолаган, шунинг учун уни олиб кетиш — фақат катта пул ва катта ишонтириш демак.
Қисқаси, ҳозирча бу тарихнинг номи битта: “гаплар, қизиқиш, норасмий контактлар”. Лекин трансферлар дунёсида айнан шу учта сўз кўпинча кейин “Here we go”га айланади. Энди барча савол — Салоҳнинг ўзи қандай қарор қилади ва «Ливерпул» ёзда ҳақиқатан ҳам қанотга янги “турбо” қўшишни истайди-ми, йўқми?
