Точилин: МОК санкцияларни бекор қилса, FIFA ва УЕФА ҳам ўзгаради
Футбол эксперти Александр Точилин «Евро-Футбол.ru»га берган эксклюзив интервьюсида FIFA президенти Жанни Инфантинонинг Россия жамоаларига қўйилган таъқиқни бекор қилиш ҳақидаги фикрлари ҳамда МОК яқин орада Россия спортига қўйилган барча санкцияларни олиб ташлаши мумкинлиги тўғрисидаги хабарларни шарҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Точилиннинг айтишича, МОКнинг Миландаги йиғилишида санкциялар масаласида принципиал қарор қабул қилингани ҳақидаги гаплар анчадан бери юрибди ва у бундай ўзгариш бўлишига ишонишни хоҳлайди. У Европада Россияни спортдан четлатиш бўйича ёндашув қайта кўриб чиқилмаса, вазият ўзгармаслигини таъкидлади.
Эксперт фикрича, Россиясиз йирик мусобақаларнинг рақобати ва томошабоплиги пасаяди, буни ташкилотчилар ҳам тушуниб турибди. Шунинг учун у «гап амалда ҳам тасдиқланса» деган умид билдирди.
Инфантино таъқиқни «маъносиз» деб атагани борасида Точилин бу глобал тенденцияни акс эттиради, дея баҳолади. Унингча, Россияга нисбатан икки хил стандарт ва холис бўлмаган муносабат кўринмоқда, бироқ вақт ўтиши билан бан мавзуси ўзи ҳам мантиқсиз кўрина бошлайди.
Точилин МОК санкцияларни олиб ташласа, бу футболга ҳам бевосита таъсир қилиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, бундай қарор занжирли реакция келтириб чиқаради ва бошқа ташкилотлар ҳам ўз позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади.
Эксперт бу ерда асосий савол «ким биринчи бўлади» эканини қайд этди. Унинг фикрича, агар МОК каби йирик тузилма прецедент яратса, FIFA ва УЕФА сингари ташкилотлар учун ҳам йўл очилади.
Инфантинонинг келажакда жамоаларни сиёсат сабаб четлатишни қонуний жиҳатдан таъқиқлаш кераклиги ҳақидаги таклифига ҳам Точилин қўшилди. У спортнинг асосий шиори сиёсатдан холи бўлиш экани, Россияга нисбатан қабул қилинган қарорлар эса бу тамойилга зид келаётганини билдирди.
ОАВда FIFA апрел ойидаги яқин конгрессда Россиянинг халқаро турнирларга тўлиқ қайтиши масаласини муҳокама қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга тўхталаркан, Точилин буни истисно этмади. Унингча, агар бундай гаплар янграётган бўлса, демак, маълумотлар асоссиз тарқалаётгани йўқ.
Шунингдек, Точилин Россия қайтганидан кейин ҳам айрим рақиблар майдонга тушишдан бош тортиши эҳтимолини тан олди. У бундай ҳолатларда ҳар бир ташкилот регламенти ишлаши, қоидабузарлик бўлса, интизомий чоралар қўлланиши кераклигини айтди.
Экспертнинг фикрича, техник мағлубиятлар берилиши бошқалар учун ҳам сигнал бўлади. Унга кўра, бундай демаршлар ҳеч кимга фойда бермайди, аксинча, ўша жамоаларнинг ўзи зарар кўради.
