Клозе Месси ва Мбаппе рекорди янгилашига ишонмоқда
Германия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Мирослав Клозе Жаҳон чемпионати тарихидаги гол рекорди тез орада янгиланишини айтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Клозе тўртта мундиалда қатнашиб, жами 16 бор рақиб дарвозасини ишғол қилган. Ҳозирча унга энг яқин фаол футболчилар — Лионел Месси (13 гол) ва Килиан Мбаппе (12 гол).
Bild нашри келтирган сўзларга кўра, Клозе унинг натижасини яқин йилларда уриб кетишлари аниқ, деб ҳисоблайди: буни Месси 2026 йилда амалга ошириши мумкин, Мбаппе эса 2026 ёки 2030 йилларда. Клозе Месси мухлиси эканини, у фаолиятини давом эттирса, омад тилашини ҳам қўшимча қилди. У Мбаппенинг истеъдодини ҳам алоҳида таъкидлаб, иккаласи ҳам соғлом бўлиб, энг юқори даражасини кўрсатишини исташини билдирди. Шунга қарамай, Клозе ярим финалга тўрт марта чиққан ягона футболчи эканини эслатиб ўтди.
Месси 2022 йилда Қатардаги мундиалда чемпион бўлган, Мбаппе 2018 йилда Россияда кубокни кўтарган, Клозе эса 2014 йилда Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатида ғалабани нишонлаган.
