Sky Sports: Коул Палмер «Челси»да ўзини бахтли ҳис қилмоқда
Сўнгги кунларда ОАВда ҳужумкор ярим ҳимоячи Коул Палмер «Манчестер Юнайтед»га ўтиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар кўпайди. Миш-мишларга кўра, футболчи Лондонда ўзини ноқулай сезаётгани ва Манчестерга қайтишни истаётгани айтилганди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Бироқ Sky Sports журналисти Каве Солҳекол бу маълумотларга қўшилмади. У ижтимоий тармоқларда Палмер «Челси»да ўзини бахтли ҳис қилаётганини ёзиб, клуб уни «сотилмайдиган» футболчи сифатида кўраётганини таъкидлади — у жамоанинг келажаги учун асосий фигуралардан бири ҳисобланади.
Палмер «Челси» сафида 110 та ўйинда майдонга тушиб, 48 та гол урди ва 29 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt 23 ёшли футболчини 120 миллион евроға баҳоламоқда. Унинг шартномаси 2033 йил ўрталаригача амал қилади.
