Арбелоа Моуриню бошқарувидаги «Бенфика» билан ўйинни кутмоқда
Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Алваро Арбелоа Чемпионлар лигасида «Бенфика»га қарши бўладиган учрашув олдидан фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Баҳс Лиссабонда умумий босқичнинг сўнгги тури доирасида 28 январь, чоршанба куни бўлиб ўтади (Тошкент вақти билан). «Бургутлар»ни ҳозир Жозе Моуриню бошқармоқда, у яқинда яна «Реал»га қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳам тилга олинганди.
«Мақсадимиз — кучли саккизликда якунлаш. «Бенфика» стадиони биз, мадридчилар учун доимо алоҳида аҳамиятга эга бўлиб қолади», — дея Арбелоанинг сўзларини келтиради Madrid Xtra.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил май ойида Португалия пойтахтидаги «Эштадиу да Луш» аренасида «Реал» Чемпионлар лигасини ўнинчи бор қўлга киритиб, финалда «Атлетико»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этганди. Ҳозирги мураббий Арбелоа ўша пайтда жамоа ҳимоячиси сифатида майдонга тушмай, захирада қолган.
