«Челси» ярим ҳимоячисини сотди: Касталдайн «Мидлсбро»га ўтди
Лондоннинг «Челси» клуби ярим ҳимоячиси Лео Касталдайн жамоани тарк этди ва фаолиятини Англиянинг бошқа клубида давом эттиради. 20 ёшли футболчини «Мидлсбро» ўз сафига қўшиб олганини клуб матбуот хизмати расман маълум қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Касталдайн «Мидлсбро» билан 4,5 йилга мўлжалланган узоқ муддатли шартномага имзо чекди. Трансфер учун «Челси» тахминан бир миллион фунт стерлинг миқдорида маблағ олди.
2025/2026 йилги мавсумнинг биринчи қисмида хавбек ижара асосида «Хаддерсфилд» сафида ўйнаган. Лео 23 учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол уришга улгурди.
Жорий мавсумда «Мидлсбро» АПЛга йўлланма олиш учун кураш олиб бормоқда. Чемпионшипда 26 турдан сўнг жамоа турнир жадвалида иккинчи поғонани эгаллаб турибди.
