Машарипов бугун захирадан тушиб, нега яна захирага олинган эди?
Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов 5 ойлик танаффусдан кейин яна майдонга қайтди. 32 ёшли футболчи «Истиқлол» сафида Эрон чемпионатининг 10-турида «Сепаҳон»га қарши баҳсда (2:1) 73-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди, аммо 90+6-дақиқада яна алмаштирилди.
Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда дарров турли тахминларни чиқарди: гўё Машарипов яна жароҳат олган, деган гаплар айланиб кетди. Аммо футболчининг ўзи бу миш-мишларга нуқта қўйди.
Унинг айтишича, ҳеч қандай жароҳат бўлмаган, ҳаммаси жойида. Алмашинув эса тактик қарор: жамоа иккинчи голни урганидан кейин Машарипов мураббийга ўзи мурожаат қилиб, ҳисобни ушлаб қолиш учун ўрнига ҳимоячи туширишни сўраган.
«Ўйиндан чиқдик. Яна захирага олинганимга жароҳат олди деб ўйлашибди. Жароҳат олмадим, барчаси жойида. Иккинчи голни урганимиздан сўнг мураббийга мурожаат қилиб, ғалабани сақлаб қолиш учун ўрнимга ҳимоячи туширишни сўрадим», — дея изоҳ берди футболчи.
Шунингдек, Машарипов бу унинг жароҳатдан кейинги илк ўйини эканини таъкидлаб, хавотир олганларга раҳмат айтди ва янги йил барча учун омадли, баракали бўлишини тилади.
Қисқаси, мухлислар хотиржам бўлса бўлади: Машарипов қайтди, жароҳат йўқ. Энди энг қизиғи — у формага тўлиқ кирганда, «Истиқлол» ҳам, миллий жамоа ҳам яна бир “плюс” олади.
