Вйерининг фикрича дунёдаги энг кучли лига Серия А ҳисобланади
«Милан»нинг собиқ ҳужумчиси Кристиан Вйери Италиянинг Серия А чемпионатини бугунги кунда футбол оламидаги энг нуфузли ва кучли лига сифатида эътироф этди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Италия чемпионатида доимий интрига бор: соврин учун бир эмас, бир нечта асосий даъвогарлар бир пайтнинг ўзида кураш олиб боради.
«Ҳар бир ўйин — жанг. Серия А Европадаги энг ёқимли чемпионат. Пешқадамлар тез-тез алмашади, барибир биз тўрт клуб ўртасидаги курашдан завқ оламиз», — деди Вйери La Gazzetta dello Sport нашрига.
Ҳозирда турнир жадвалида «Интер» пешқадам: 15 турдан сўнг миланликлар 33 очко тўплаган. «Нерадззурри»дан кейин «Милан» (32), «Наполи» (31), «Рома» (30) ва «Ювентус» (29) жойлашган.
