Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни сулҳга чақирмоқда
Халқаро ҳамжамият Фаластин ва Исроилни вазият буткул назоратдан чиқмасидан аввал сулҳ тузишга чақирмоқда.
“Биз тўлақонли уруш ҳолатига яқинлашиб қолдик”,- деди 12 май куни БМТнинг Яқин Шарқ масаласи бўйича махсус вакили Тор Веннесланд.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса “барқарорликни таъминлаш учун ҳаракатни кучайтириш”га чақирди.
ХАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо минтақасидан сўнгги 38 соат ичида камида мингта ракета отилгани ҳақида Исроил ҳукумати расман маълум қилди.
Айни пайтда Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди атрофидаги уйларидан ҳайдаб чиқарилишига қарши норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил кучишлатар тузилмалари ўртасидаги тўқнашув ортидан бошланиб кетган зўравонликларда камида 40 фаластинлик ва 6 яҳудий ҳалок бўлди.
Ҳалок бўлган фаластинликлардан 13 нафари балоғатга етмаган ёш бола. Бундан ташқари 500 киши жароҳатланди.
Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар тўрт кун олдин бошланган эди.