Толибон Кобул яқинидаги стратегик туманни босиб олди
Толибон пойтахт Кобул яқинидаги стратегик аҳамиятга эга Нарх туманини босиб олди. Бу воқеа Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги уч кунлик оташкесим кучга киришидан аввалроқ содир бўлди.
Афғонистон ички ишлар вазирлиги: “Хавфсизлик кучлари Нарх туманидан тактик мақсадларда чекинди”,-деб баёнот берди.
Ҳукумат мазкур туманни Толибондан озод қилиш учун яқин кунларда ҳужум уюштирилишини билдирди.
Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужохид жангарилар бу туманни 11 май куни эгаллагани ҳақида баёнот берди.
Нарх пойтахт Кобулдан 40 километр узоқликдаги Вардақ вилоятида жойлашган. Вардақ ва унга қўшни бўлган Лоғар вилоятининг бир қисмини узоқ йиллардан бери Толибон назорат қилиб келади ҳамда мазкур ҳудудлардан Кобулга ҳужум қилиш учун қулай бўлган майдон сифатида фойдаланади.
Толибон ва Афғонистон ҳукумати 13 майда нишонланадиган Рамазон ҳайити муносабати билан уч кунлик оташкесим эълон қилган.