Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари пора билан қўлга тушгани айтилмоқда
Жиззах шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Ойбек Нурматов 2 минг доллар пора олаётганида қўлга тушгани ҳақида davletovuz телеграм канали 12 май куни хабар қилди.
Амалдорларнинг коррупцияга алоқадорлиги тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш орқали танилган канал муаллифининг ёзишича, “Ёшлар” телеканалининг “Янги давр” ахборот дастурида бу борада лавҳа намойиш этилган.
Билдирилишича, Ойбек Нурматов тадбиркорлардан биридан қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб бериш эвазига 2 минг доллар пора талаб қилган.
Gazeta.uz нашрининг билдиришича, Ойбек Нурматовнинг асосий лавозими Жиззах шаҳар молия бўлими бошлиғи бўлган. У ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимни вақтинча бажариб турган.