Ўзбекистондаги вакцинация пунктларининг ҳар бирида кунига 70 киши коронавирусга қарши эмланади
Ўзбекистондаги вакцинация пунктларининг ҳар бирида кунига 70 киши коронавирусга қарши эмланиши ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унга кўра, коронавирусга қарши эмаланган шахс дастлаб 30 дақиқа давомида, кейинчалик 3 кун давомида тиббиёт ходимлари назоратида бўлади. Бу ҳолатда тиббиёт ходимлари эмланган шахснинг уйига бориб текширади.
Озодлик 17 февраль куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмалаш учун 3138 та эмлаш пунктлари ва ҳар бирида 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар вакцинатор ва 1 нафар муолажа ҳамшираси бўлган 862 та мобил бригада жалб этилгани ҳақида хабар қилган.
Расман билдирилишича, Ўзбекистонда биринчи галда эмланиши лозим бўлган аҳоли сони 4 миллион 112 минг 668 нафарни ташкил этади.
Республикада COVID-19га қарши эмлаш 2021 йилнинг март ойининг биринчи ярмида бошланиши режалаштирилгани тўғрисида 15 февраль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълум қилди.