Тўрт нафар афғон расмийси Кобулда отиб кетилди
Афғон расмийларининг айтишича, номаълум ҳужумчилар тўрт нафар ҳукумат хизматчисини пойтахтда отиб ўлдирган.
Кобул полициясининг матбуот котиби Фирдавс Фарамарз қуролланган кишилар Қишлоқ хўжалиги ва тараққиёти вазирлигига тегишли юк машинасини ўққа тутганини айтди.
Вазирлик матбуот котибининг билдиришича, ҳукумат амалдорлари Майдан Вардак вилоятига кетаётганда қуролланган шахслар томонидан машинаси тўхтатилиб, отиб ташланган.
Охирги пайтлар Афғонистонда ҳукумат мансабдорларини, фаоллар ва журналистларини ўлдириб кетиш ҳолатлари кўпайиб кетган.
Афғонистон ҳукумати ва АҚШ расмийлари бунда Толибон ҳаракатини айбламоқда, ҳаракат эса бу қотилликларга алоқаси борлигини инкор этмоқда.
Мамлакатда ҳам Толибон, ҳам ИШИД жангарилари фаолият олиб боради. Хуружлар сони, айниқса, Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати вакиллари ўртасидаги тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолганидан сўнг кўпайиб кетган.