ПУЛМАНИСА…
Мулоҳаза
Ҳамма мени енгилтак деб ўйлайди. Нимаймиш, қўлдан-қўлга ўтиб юрармишман. Тўғри, тан оламан, мени ҳамма яхши кўради. Қўполга, аҳмоққа йўйманг-у, аммо бу ҳақиқат, мени кўрса, ҳатто боши оғриб турган пиёнистаям безовталаниб қолади. Мен билан сирлашиш, тиллашиш, учрашиш пайига тушади. Фақат уники бўлишимни хоҳлайди. Бошқалардан ўлгудай рашк қила бошлайди. Башарти, энг яқин улфати ё қариндоши бир кунга бериб туришни илтимос қилса, тамом, ғазабга келади, керак бўлса, ўша ўзбошимча билан ёқалашишгача етади. Мен ана шундай соҳибжамол, жозибалиман. Шундай экан, илтимос, мен ҳақимда гапираётганда сал ўйланг, акс ҳолда, сиз билан келишолмай қоламиз. Негаки мен жуда инжиқ ва ўзига бино қўйганларданман.
Қадр
Мен ҳам бошқалар қатори қадримга етишларини, авайлаб-асрашларини истайман. Мени оёқости қиладиган, худди буюмдек дуч келган ерга ирғитиб қочадиганлар, ҳамманинг олдида қадримни бир тийин қиладиганларни ёқтирмайман. Айниқса, қўли очиқ одамларни кўришга кўзим йўқ. Чунки ундайлар мени асраб-авайлаш ўрнига дуч келганга тортиқ этиб юбораверишади. Натижа нима бўлади? Албатта, қўлдан-қўлга ўта бошлайман. Инсофли одамнинг қўлига тушсам-ку, майли, у мени кўз қорачиғидай асрарди, бегона кўзлардан нарига беркитарди, севарди, ҳурматимни жойига қўярди. Худо кўрсатмасин, аввалги хўжайиндан баттарроғига учрасам, тамом бўлганим шу. Тинчим йўқолади, оромимга путур етади, масхараланиш, юрт кезишдан бўшамай қоламан. Шунинг учунми, ҳамиша ҳушёр бўлишга, хўжайин танлашда адашмасликка уринаман.
Замонавий қизман
Айтинг, шу туришимда қайси нозаниндан камман?! Юзимни силаган йигитнинг ташвишлари арийди, оғзининг таноби қочади, юраги безовта уриб, ўзини қўярга жой тополмай қолади. Шунга арзийман-да! Худога шукр, туриш-турмушим бинойидай. Пулманиса деса дегудай гўзалман. Белимдаги белбоғимнинг ўзи дунёларга арзийди. Шундай бўлгандан кейин арзирли хожа излашга ҳақлиман. Нолимайман, шу кунгача ҳали орзуларим ушалмай қолмади. Кўз остимга олган паҳлавон борки, бир жилмайишда илинтира оламан. Жуда ноёб бўлганим учунми, фақат ўзим каби кетворган машиналарда юраман, ҳашаматли ҳовлилардагина яшайман. Мен кирган ҳовли борки, ўйин-кулгига тўлади, таом деганининг энг зўрлари қозонда қайнайди. Аммо бир нарсани тан олишим керак, кундошлар менга ола қара бошлашади. Ғийбатимни қилишади, орқаворатдан тош отишга чоғланганлариниям кўриб қоламан. Барибир, парво қилмайман. Ахир уларниям тушуниш керак. Ҳаммаларининг даври ўтибди, замонавий тилда айтганда, модадан қолишибди, ҳеч ким уларни писанд қилмай қўйибди. Шўрликларни фақат сабзавот сотиладиган бозорларга олиб боришади, шинавандалариям ҳалигидай кўримсизгина, содда, тўпори эркаклар. Бечора кундошларим-эй, ўшаларнинг қўлига тушгандан кейин рўшнолик кўришармиди?! Албатта, йўқ. Сал ўтиб унданам баттар масканларга тушишади, хор бўлишади, овоз чиқармасалар-да, ич-ичдан юм-юм йиғлашади. Мен бўлсам, ўша маҳал бир-биридан озода, ёғ тушса ялагудек, қишда иссиқ, ёзда муздай дўконларни айланаётган, ҳуснимни кўз-кўз қилаётган, ноз билан янги ошиқларимга боқаётган бўламан.
Уятсиз экансиз
Вой, ака, бу нима қилганингиз?! Одам деганиям шунақа уятсиз бўладими?! Мени қаерга олиб бормоқчисиз ўзи? Телефонга ёпишиб, улфатингизга алланималарнидир шипшитдингиз, индамадим. Бу фикрингиздан қайтарсиз, деб умид қилдим. Инсофга келмадингиз. Мени ким деб ўйлаяпсиз ўзи?! Йўқ, мен сиз ўйлаган пулманисаларданмасман. Ўзимга яраша орим, номусим бор, ўргилай. Индамасакан, деб билган ишингизни қилиб кетавераркансиз-да! Э, йў-ўқ, менам анойиларданмасман. Тезда машинангизни орқага буринг-да, уйимга обориб қўйинг. Агар ҳозир айтганим бўлмаса, билиб қўйинг, қайтиб қорамни кўрмайсиз. Сизни кўрсам, минг километр наридан ўтиб кетаман. Ҳа-а, шундай бўлсин, қоқиндиқ, тушунадиган йигит экансиз-ку ҳарқалай!..
Башаранг қурсин, шилқим! Юзларимни чимдиб-чимдиб, ҳуснбузар тошган башарангга ишқаладинг, индамадим. Қўйиб берса… Майли, бу дунёда ҳар хил одам бор-да! Нима дедингиз? Қаерга олиб кетмоқчийди, деб сўрадингизми? Э, айтишга тилим бормайди. Мендай пулманисани жирканч бир нарсага алмашмоқчийди… Қуриб кетсин ундайлар!
Ёмон туш
Ўтган куни кечаси жудаям ёмон туш кўрибман. Бозордаймишман. Хўжайин қанақадир кўкимтир кўйлак кийган, белигаям шунақа белбоғ бойлаган аёлни кўксига маҳкам босганча турганмиш. Мен томонга қайрилиб қарамасмиш. Жаҳлим чиқиб кетди. Аламимдан додлаб юбораёздим. Аммо додламадим. Ғурурим йўл бермади. Қаддимни ғоз тутганча кўкимтир кўйлакли ўша аёлга яқин бордим.
— Ҳа, ойимча, — дедим унга, — Бойвачча хожа керак бўлдими?! Ўз юртингда топилмадими шунақаси? Башарангга бир қара, кимларга ўхшайсан! Уялмасдан анави соқолтойни кўксингга босволганинг-чи?! Кунинг шу қарияга қолибди-ку! Кўпам керилаверма!
— Бундан буён сен хўжайинингга керакмассан, — деди кўкимтир кўйлакли аёл. — Бозоргаям фақат мени олиб боради. Мақтанса, фақат мени кўз-кўз қилиб мақтанади. Ўл-а!
Азбаройи жаҳлим чиққанидан кўкимтир кўйлакли аёлнинг ёқасидан олибман. Хайрият, уйғониб кетдим. Қарасам, тушим экан. Ўзим эса хожамнинг чап киссасида савлат тўкиб ўтирганмишман. Қур-қур у киши юзларимни силаб-силаб қўймоқда. Шундан кейингина хотиржам тортдим…
Ҳа, мен, барибир, хожамнинг суюклисиман. Мени асраб-авайласа, қадримга етса, кайфини чоғлайвераман, тўлишавераман, чўнтагини қаппайтиравераман. Сизам билиб қўйинг, менинг муҳаббатимга эришмоқчи бўлсангиз, қадримга етинг! Омадингизни берсин! ЧАО-О!!!
Олимжон ҲАЙИТ