"Аҳмадбой иши" бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қисман қоплаб бериш бошланди
"Аҳмадбой иши" бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қисман қоплаб бериш бошлангани тўғрисида 28 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилингани тўғрисида kun.uz хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур жиноят иши доирасида 11 минг 700 нафар жабрланувчига умумий ҳисобда 418 млрд 293 млн 345 минг сўм зарар етказилгани аниқланган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 май кунги ҳукми билан халқ орасида Аҳмадбой деб ном олган Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан дастлабки тергов даврида хатланган хорижий ва миллий валютадаги пул, кўчмас мулк, автотранспорт ва заргарлик буюмлари сотувга қўйилган.
Тадбирда «Аҳмадбой иши» бўйича миллий валютадаги 26 млрд 708 млн 295,7 минг сўм пул, 12 млн 580 минг 622 АҚШ доллари, шунингдек, заргарлик буюмлари, 29 та кўчмас мулк, 8 турдаги автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулклар жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун хатлангани маълум қилинди.
Мазкур мол мулклар суд қарорига асосан сотувга қўйилиб, сотувдан тушган пул маблағларини жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун пропорционал тарзда тақсимлаш белгиланган. Бугундан сотувдан тушган пул етказилган зарарни қоплаш учун Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда пропорционал тарзда жабрланувчиларнинг пластик карточкаларига ўтказиб берила бошланган.