Ўзбекистон Тожикистонда ГЭС қурмоқчи. Музокаралар бошланди
28 январь куни Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида Зарафшон дарёсида биргаликда ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилиш бўйича музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Айтилишича, гидроэлектрстанцияларни қуриш босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилади: даставвал ҳисоб-китоб қиймати 282 млн. долл., қуввати 140 МВт бўлган, 700-800 млн. кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилади. Навбатдаги босқичда томонлар Фандарёда ҳисоб-китоб қиймати 270 млн. долл., қуввати 135 МВт бўлган, 500-600 млн. кВт-соатэлектр энергия ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши имкониятини кўриб чиқади.
Қурилган гидроэлектростанциялар фақат Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1400 млн. кВт.с экологик соф электр энергия ишлаб чиқаради.
Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт га тенг иккита ГЭС ни биргаликда қуриш масаласини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган эди.
Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да акс эттирилган.