Мирзиёев амалдорларнинг тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ёндашувини танқид қилди
Ўзбекистон президенти жойлардаги раҳбарларнинг эскича иш услуби, энергия ресурслари истеъмоли ва тўлови бўйича ҳисоб-китоб юритиши, тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ёндашувини танқид қилди.
Бу танқид президент Мирзиёев раислигида 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида янгради.
Йиғилишда ўтган йили Мирзо Улуғбек, Ғузор ва Муборак туманларида фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлар сони ошгани кўрсатиб ўтилган.
“Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши керак. Иқтисодий барқарорлик асоси рақобатбардош тадбиркорларни кўпайтиришдир”, деди президент.
Шавкат Мирзиёевга кўра, ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши лозим.
Йиғилишда жорий йил биринчи чоракда бюджетга солиқ тушумларини таъминлаш учун ҳокимлар бошчилигида, уларнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари, молия ва солиқ идоралари томонидан амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилган.
Президент янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳамда фаолиятини тўхтатган корхоналарни тиклашга кўмаклашиш кераклигини таъкидлаган. Бунинг учун электр, газ, йўл, сув билан боғлиқ инфратузилмани яхшилаш, янгиларини барпо этиш зарур. Шу боис ҳокимиятлар томонидан ошириб бажарилган даромадлар, биринчи навбатда, ҳудудларда мавжуд инфратузилмани яхшилашга йўналтирилиши белгиланган.
Ш. Мирзиёев Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва бошқа жойларда дебитор қарздорлик кўпайгани, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида катта миқдорда талон-торожликлар аниқланаётганига эътибор қаратган. Бу энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг молиявий аҳволига салбий таъсир этиши билан бирга ҳудудлардаги тадбиркорларнинг электр ва табиий газ таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда.
Президент бундай ҳолатларга чек қўйиб, электр энергияси ва табиий газдан қарздорликни қисқартириш, аҳоли ва тадбиркорларни ушбу манбалар билан узлуксиз таъминлаш зарурлигини урғулаган.