Кенияда АҚШ ҳарбий базасига ҳужум уюштирилди
Кенияда исломий жангарилар томонидан 5 январь куни ҳарбий-ҳаво базасига уюштирилган ҳужум оқибатида АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳарбийси ва шартнома асосида хизмат қилаётган икки ходим ҳалок бўлди.
Кения ва АҚШ Қуролли кучлари томонидан фойдаланилаётган Манба-бэй ҳарбий-ҳаво базасига ҳужум “Аш-Шабоб” террор гуруҳи томонидан амалга оширилган. База Кения ва Сомали чегарасидаги Ламу шаҳрида жойлашган.
Маълумотларга кўра, ҳужум чоғида АҚШ Мудофаа вазирлигининг яна икки вакили жароҳатланган.
Кения ҳарбий қўмондонлиги аввалроқ ҳодиса чоғида беш нафар жангари йўқ қилингани ҳақида баёнот тарқатганди. Кениялик ҳарбийларга кўра, жангарилар ҳужуми қайтарилган, ҳужум ортидан юзага келган ёнғин сўндирилган, учиш-қўниш йўлаги хавфсизлиги таъминланган.
“Аш-Шабоб” гуруҳи зарба берилган учоқ суратини ёйинлади. Сомалида қўним топган ва “Ал-Қоида”га алоқадор бўлган мазкур гуруҳ 10 йил муқаддам ташкил топган бўлиб, ўтган давр мобайнида кўплаб ҳужумларни амалга оширган.