Фото: AP Пентагон АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғи билан Эроннинг Ислом инқилоби соқчилари корпусининг “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони - генерал Қосим Сулаймонийга қарши амалиёт ўтказгани, унинг натижасида генерал ўлдирилганини тасдиқлади. “АҚШ қуролли кучлари хорижий террорчилик гуруҳлари рўйхатига киритилган “Қудс” кучлари бошлиғи Қосим Сулаймонийни ўлдириб, АҚШнинг хориждаги персоналини ҳимоя қилиш учун қатъий мудофаа ҳаракатларини амалга оширди”, дейилган Пентагон баёнотида. Қосим Сулаймоний Фото: AP АҚШ мудофаа вазирлигида таъкидланишича, ушбу амалиёт Эроннинг ҳужумлари олдини олиш мақсадида ўтказилган. Таъкидланишича, Сулаймоний Ироқда ва бутун Яқин Шарқ минтақасида америкалик дипломатлар ва ҳарбийларга қарши ҳужумлар режаларини тузган, халқаро коалициянинг Ироқдаги базаларига ҳужумларни режалаштирган ва АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига ҳужумни маъқуллаган. АҚШ, шунингдек, Сулаймоний ва “Қудс” зиммасига “АҚШ ва халқаро коалициянинг юзлаб ҳарбийлари ҳалок бўлиши, минглаб ҳарбийларининг яраланишига” жавобгарликни юклаган. “АҚШ бутун дунёда одамларимиз ва манфаатларимизни ҳимоялаш учун барча зарур ҳаракатларни амалга оширади”, дейилган Пентагон баёнотида. Ўз навбатида Эрон Сулаймоний учун ўч олишга ваъда берди. Бу ҳақда Эроннинг мақсадга мувофиқлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоий маълум қилди. “Шаҳид кетган Қосим Сулаймоний оға-инилари сафига қўшилди, у учун АҚШдан ўч оламиз”, деб ёзган Ризоий твиттерда. Сулаймоний 2 январь кечки пайт Бағдод аэропортига ракета зарбалари берилиши вақтида ҳалок бўлди. У билан бирга ҳужум вақтида Ироқнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи “Ал-Ҳашд аш-Шаъбий” шиа гуруҳи аъзолари ҳалок бўлган, 12 ироқлик ҳарбий яраланган. Сулаймоний Ироқдаги эронлик ҳарбий маслаҳатчилар ишига бошчилик қилган ва Эроннинг ҳарбий ҳамда агентура разведкаси ва Эрондан ташқаридаги қўпорувчилик фаолиятига жавоб берувчи “Қудс” махсус бўлинмасига раҳбарлик қилган. Сулаймоний бевосита Эроннинг олий етакчиси Али Хоманаийга бўйсунган.