Боливия президенти истеъфога чиқди…
Боливия президенти Эво Моралес истеъфога чиққанини расман маълум қилди. У ўз қарорини мамлакатда давом этаётган давлат тўнтариши интиҳоси деб атади. Бундан ташқари, Моралес билан бир вақтда вице-президент Альваро Гарсия Линера ва бир нечта вазирлар, божхона хизмати раҳбари ҳам истеъфога чиқди.
Яқинда Боливия қуролли кучлари қўмондони Уильямс Ромеро президентга мурожаат этиб, истеъфога чиқишини маслаҳат берганди. Маҳаллий нашрлар эса Моралес мамлакатдаги тартибсизликлар сабабли номаълум манзилга учиб кетгани, кейинчалик у ўтирган самолёт экипажи Аргентинага қўниш учун рухсат сўрагани, бироқ охир-оқибат Моралес Качабамба шаҳрига йўл олганини маълум қилишганди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 20 октябр куни Боливияда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Моралес ўз ғалабасини эълон қилди. Лекин рақиби, собиқ президент Карлос Меса сайлов натижаларини тан олмади. Шундан кейин мамлакатда оммавий тартибсизликлар бошланди.
Моралес расман истеъфога чиққанини эълон қилгач, мамлакат аҳолиси бу воқеани кенг байрам қилишга ўтди.