ТОШКЕНТ – “Ипотекабанк” ходимлари: ой охирида мижозлар кредитини ўз ёнимиздан пул тўлаб ёпишга мажбурмиз”
БЕКОБОД. “Ипотекабанк”нинг Бекобод филиали ходимлари номидан ёзмоқдамиз. Икки йил аввал “OzodMaktub” рукнида мурожаатимиз эълон қилинган эди. Аммо, афсуски, ҳеч нарса ўзгармади, барчаси “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолган.
Ходимларни ҳақоратлаш, асоссиз иш ўрнини қисқартириш, пахтага пул йиғиш давом этмоқда. Бошқа филиалларда ҳам шу аҳвол эканини ҳамкасбларимиздан эшитиб турибмиз.
Ишчилар ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ яна бир жиддий муаммо. Банк ходимлари ой охирида мижозлар кредитини ўз ёнидан пул тўлаб ёпади. Ахир, бу қип-қизил адолатсизлик-ку! Кредит ёпилмаса, бизнинг тирикчилигимиз, болаларимиз ризқи бўлган пластик картамиз бошқарувчининг оғзаки буйруғи билан блокланади.
Ходимлар, ходималар (улар орасида ҳомиладорлар ҳам бор) бировларнинг эшигини кечаси бўлса-да қоқиб “кредит тўланг” деб ялиниб юради. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг барча тури тақиқланганини “Ипотекабанк” раҳбарияти билмайдими? Cоветча-коммунистик бошқарувдан қачон воз кечилади? “Колхоз учун, Сталин учун!” дея, барча мулкимизни банк ҳисобига ўтказиб берармиз балки?!
Кейинги пайтларда қарздор мижозлар сони микроқарз ҳисобига кескин кўпайди. Ходимлар сони эса қисқарди. Айни пайтда битта ходимга ўртача 70-80 та (!) қарздорликни ундириш мажбурияти юкланган. Мукофот ва устама пулини белгилаш бир киши – бошқарувчининг диктатурасига бериб қўйилган. Бошқарувчи эса мукофот ва устамадан мажбурлов ва ноҳақ жазолаш қуроли сифатида фойдаланмоқда.
Банк раҳбариятига талаб ва таклифларимиз:
1. Нафақат Бекобод филиали, балки қолган қирққа яқин филиалда урчиган мажбурий меҳнатга чек қўйилсин.
2. Кредит бўлими қошида махсус, айнан қарздорликни ундириш билан шуғулланувчи, филиал кредит портфелига, қарздорларнинг сонига мутаносиб равишда ходимлар билан таъминланган шўъба ташкил этилсин.
3. Банк ходимлари кўчама-кўча сарсон юрмаслиги учун кредит тўловини кечиктирган мижозларга қонуний тартибга кўра, суд орқали чора кўрилсин.
4. Устама ва мукофот пули филиал бошқарувчисининг хоҳишига кўра эмас, бош офис рухсати орқалигина, асосли сабабларга кўра камайтирилсин.
5. Бизда ҳам “Асакабанк”нинг “soft-collection” тизими каби мижозлар билан ишлаш услуби йўлга қўйилсин.
Банк раҳбарияти мурожаатимизга бефарқ бўлмай, оқилона қарорлар қабул қилади, деган умиддамиз”.
(Мактуб муаллифлари ўз иддаоларини исботлаш учун, мижозларнинг махфийлигини сақлаган ҳолда, махсус рўйхатнинг банк сирига тааллуқли бўлмаган қисмини STга юборди. ST даракчисининг хавфсизлиги учун ушбу ҳужжат чоп этилмаётир.)
(Бу хабар Озодликка 29 октябрь куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!
Резюме
"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************
Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!