Қашқадарёда эмлаш ўз вақтида амалга оширилмагани боис янги туғилган чақалоқ оламдан ўтди…
Бу воқеа 2019 йил 14 октябр куни Қашқадарё вилояти Косон туманида содир бўлди. Худди шу куни Г. К. исмли аёл туғруқхонага олиб келинганди. Худди шу куни аёл ўғил фарзандни дунёга келтирди. Орадан бир неча соат ўтгач, она-болага уйга кетиш учун рухсат берилди. Шу пайт «Геповакс» ёрдамида чақалоқни эмлашлари лозим эди. Аммо онаси қатъиян бош тортди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларининг айтишича, бола уйга кетаётган маҳал аҳволи қониқарли даражада бўлган. Эртаси куни чақалоқни туғруқхонага олиб келишди ва эмлашди. 16 октябр ярим кечаси боланинг аҳволи оғирлашди. Бувиси эса врач чақириш ўрнига уни қайсидир табибга ола кетди. Эртаси куни ҳеч нарса бўлмагандек чақалоқни БЦЖ эмлаш амалини адо этиш ниятида яна туғруқхонага олиб боришди. Врачлар чақалоқни текшириб кўришди. Унинг аҳволи ҳақиқатан оғир, тери қисми кўкариб кетганди. Зудлик билан чақалоқ болалар шифохонасига ётқизилди. Афсуски, орадан 15 дақиқа ўтгач, бола мия комаси, мия шиши ва сепсис, она қорнида юқтирилган инфекция туфайли оламдан ўтди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакилларининг айтишича, чақалоқнинг ўлимида асосан маҳаллий врачлар айбдор экан. Улар болани эмламай туриб уйга олиб кетишга рухсат беришган. Шу сабабли туман туғруқхонаси неонатологи ва дояси ишдан бўшатилди. Бош врач ўринбосари маошининг 30 фоизи миқдоридаги жаримага тортилди.