Туркия ва курдлар бир-бирларини оташкесимни бузганликда айбламоқда
Туркия ва суриялик курдлар бир-бирларини пайшанба куни АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг Анқарага ташрифи пайти эришилган оташкесим шартларини бузганликда айбламоқда.
Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотида "террорчилар" (таҳр. Туркия курд жангариларини шундай атайди) 36 соат ичида 14та ҳужумни амалга оширгани таъкидланади.
Вазирликка кўра, ҳужумларнинг аксари Туркия чегарасидаги Рас ал-Айн шаҳрида рўй берган.
Ўз навбатида курдлар Туркияни Рас ал-Айндаги позицияларига ҳужум қилиб, оташкесим шартларини бузганликда айбламоқда.
Аммо, кузатувчилар оташкесимга эришилганидан буён кўламли ҳужумлар минтақада кузатилмаганини айтишади.
Туркия ва АҚШ Сурия шимолида турк ҳарбийлари амалиётини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида пайшанба куни келишиб олгандилар.
Бу ҳақда Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 17 октябрь кунги учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билдирганди.
Оташкесим 120 соат давом этади. Бу вақт оралиғида курд қуролли отрядлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк эта оладилар. Шундан сўнг Анқара амалиётни поёнига етказади.
Пенсга кўра, Вашингтон Анқарага нисбатан янги санкциялар жорий этмоқчи эмас, ўт очиш тўхтаганидан кейин эса амалдаги чекловлар ҳам бекор қилинади.
Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.
Амалиёт бошланганидан бери ўтган 9 кун давомида Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.
Бу орада курд отрядлари ҳам Дамашқ билан келишувга эришиб, Анқара ҳужумидан ҳимоя қилиши учун қатор шаҳарларни Сурия ҳарбийларига топширишди.