Мы в Telegram
Добавить новость
123ru.net
World News in Uzbek
Май
2019

АЛВИДО, ЭЙ ГУЛСАРИ!.. (11-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Бектой, сен сўзимга қулоқ сол! — унга етиб олди Танабой. — Мен сенга ҳаммасини тушунтираман.

— Бошқаларга тушунтир, сўзингни тинглайдиган аҳмоқ йўқ!

— Тўхта, Бектой, гаплашиб олайлик.

Бектой унинг сўзларини эшитишни истамай жўнаб қолди.

— Судга тушасан!

— Шундан кўра судга тушган ҳам маъқул! — жаҳл билан жавоб қайтарди Бектой ва бошқа ўгирилиб қарамади.

— Сен қочқинчисан!

У кетаверди.

— Бунақаларни фронтда отиб ташлашади!

У тўхтамай кетаверди.

— Тўхта, дейман! — Танабой унинг енгидан ушлаб олди. У эса қўлини тортиб олиб юришда давом этди.

— Бунга йўл қўймайман, кетишга ҳаққинг йўқ! — Танабой унинг елкасидан буриб тортди ва ногоҳ кўз ўнги хиралашиб атрофдаги оппоқ тепалар гир айланаётгандай туюлди. Кутилмаганда жағига келиб тушган мушт уни оёқдан қулатган эди. У гир айланган бошини кўтарганда Бектой аллақачон тепалик ортида ғойиб бўлган эди. Унинг орқасидан занжир ҳалқалари сингари ёлғиз оёқ излари қорайиб қолган эди.

— Соб бўлди бу йигит, кетди, — деб инграрди Танабой кафтларини ерга тираб қаддини ердан кўтараркан. Ўрнидан турди. Қўллари қор аралаш лойга ботган эди. Нафасини ростлаб олди. Бектойнинг қўйларини тўплаб, бошини қуйи солганича, ўз отари томон ҳайдаб кетди.

 

***

 

Овулдан чиққан икки отлиқ тоғ томон йўл олган эди. Уларнинг бири саман отда, иккинчиси тўриқ отда. Отларнинг думи қаттиқ тугиб қўйилган, афтидан, улар олисга кетишаётган эди. Қор аралаш лой парчалари туёқ остидан шалоплаб отилиб чиқиб, сачраб кетарди.

Гулсари таранг жиловни тортиб гижинглаганча шахдам қадам ташлаб борарди. Хўжайини соғайгунча у қантариқда дам олволган эди. Бироқ ҳозир ҳам унинг устида хўжайини эмас, балки чарм пальто устидан кийган брезент плашининг барларини очиб юборган аллақандай нотаниш киши ўтирар эди. Унинг кийимларидан бир оз краска ва резинка ҳиди келиб турарди. Чоро бўлак отда, унинг ёнида борарди. Йўрғани у тумандан келган ўртоққа берган эди. Гулсари унга ким мингани билан иши йўқ эди. Йилқидан, аввалги хўжайинидан ажратиб олганларидан буён унга кўп кишилар минган эди. Ҳар хил одамлар — яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам, эгарда қулай ва ноқулай ўтирганлар ҳам бор эди. Олифталарнинг ҳам қўлига тушди. Улар отга мингандан кейин суюлиб кетишар эди! Улар жон-жаҳдлари билан отни чоптириб бирдан жиловини тортиб тўхтатар, олдинги оёқлари билан тикка турғизар ва яна уриб ҳайдар ва яна жиловини зарб билан тортганча таққа тўхтатар эдилар. Нима қилаётганини ўзлари билмасдилар, фақат ҳамма унинг Гулсарида кетаётганини кўришса бас. Ҳамма-ҳаммасига кўникиб қолган эди Гулсари. Уни отхонада сақлаб зериктириб қўймасалар бўлгани. У ҳамон аввалги ҳавас, аввалги иштиёқ: югуриш, югуриш ва яна югуриш иштиёқи билан яшарди. У кимни олиб боряпти, бунинг унга аҳамияти йўқ. Бунинг от устида бораётган киши учун фарқи бор эди. Саман йўрғани бериб қўйишибдими, демак, уни ҳурмат қиладилар, ундан ҳайиқадилар. Кучли ва чиройли от эди Гулсари. Унга минган киши тинч, роҳат қилиб борарди.

Бу сафар йўрғага колхозга вакил қилиб юборилган туман прокурори Сегизбоев минган эди. Унга колхоз парторги ҳамроҳ бўлиб борар эди — бу катта ҳурмат. Парторг оғиз очмасди, эҳтимол чўчиётгандир: қўзилатиш ёмон аҳволда. Жуда ёмон эди. Шундай экан оғиз очмагани, чўчигани маъқул. Қуруқ сўзлар билан гапга аралашишдан нима фойда. Пастки лавозимдаги киши юқори лавозимли кишидан ҳайиқмоғи керак. Акс ҳолда ҳеч қандай тартиб-интизомнинг бўлиши мумкин эмас. Шундайлари ҳам бўладики, улар итоатларидаги кишиларни ўзлари билан тенг кўриб муомала қилишади, кейин шу кишиларнинг ўзидан панд ейишади, ҳасратларидан чанг чиқади. Ҳокимият — катта иш, масъулиятли иш, уни бошқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Сегизбоев эгар устида йўрғанинг бир текисда қадам ташлашига монанд тебраниб, шуларни ўйлаб борарди, унинг кайфиятини ёмон деб ҳам бўлмасди, лекин ҳар ҳолда чўпонларни текширишга юборилаётган экан, у ерда эҳтимол кўнгилсиз аҳволга дуч келиши мумкин, буни билар эди. Қиш билан баҳор тўқнаш келиб, бир-бирига ён бергиси келмасди, бу тўқнашувда ҳаммадан кўп қўйлар талофат кўришарди, қўзичоқлар нобуд бўларди, ҳолдан тойган совлиқлар қириларди, уларни сақлаб қолиш мумкин эмасди. Ҳар йили аҳвол шу. Бундан ҳамма хабардор. Модомики, уни вакил қилиб юборишган экан, демак, у кимнидир жавобгарликка тортиши керак. Тумандаги қўйларнинг катта қисми қирилиб кетиши ҳатто унга қўл келишини ичида билиб турарди. Ахир чорвачиликдаги оғир аҳволга тушиб қолганига у, туман прокурори, райком бюросининг аъзоси жавобгар эмас. Биринчи секретарь жавоб бериши керак. Ҳали янги, туманга яқиндагина келган, бошқаларнинг азобини ҳам у чексин. Сегизбоев бўлса, четдан қараб туради, у ёқдан юқоридаги ўртоқлар ҳам кўришсин, четдан янги секретарь юбориб хато қилиб қўйишмадимикин. Буларни ўйларкан хуноби ошарди, уни сайламаганларига ҳеч чидай олмасди. Прокурор бўлиб ишлаётганига озмунча вақт бўлдими. У ўзининг нималарга қодир эканлигини неча бор исботлаб кўрсатди. Ҳечқиси йўқ, унинг дўстлари бор, бирон нима бўладиган бўлса ҳимоя қилишади. Вақт етди, энди у партиявий ишга ўтиши керак, прокурорлик стулида узоқ ўтириб қолди… Йўрға яхши, лой демай, шилта демай, кема сингари тебраниб сузиб борарди. Парторгнинг оти терлаб-пишиб кетган эди, ҳолбуки йўрға эндигина тер чиқара бошлаганди…

Чоро бўлса ўз ўйлари билан банд. Унинг ранг-рўйи бир ҳолатда, сўлғин юзи заъфарон, кўзлари киртайиб қолган. Юрак касалидан неча йиллардан бери азоб чекади. Вақт ўтган сари касали оғирлашиб борар, фикрлари мунгли эди. Ҳа, Танабой ҳақ эди. Раис бақирарди-чақирарди, лекин бундан нима фойда. Кўпинча туманда қолиб кетар, доимо қандайдир иш билан банд бўларди. Партия мажлисига унинг масаласини қўйиш керак эди, туманда бўлса орқага силтаб кутиб туришни тавсия қилишади. Нимани кутиш керак? Гўё Алданов ўз истаги билан кетмоқчи, дейишарди, эхтимол, шунинг учундир? Тезроқ кетганда маъқул бўларди. Чорога ҳам кетиш вақти етган эди. Ундан нима фойда? Доимо касал. Шомансур каникулга келган эди, у ҳам кетишни маслаҳат берди. Кетиш мумкина, виждон-чи? Шомансур ақлли бола, энди кўп нарсалар ҳақида отасидан кўра яхшироқ муҳокама юрита олар эди. Қишлоқ хўжалигини қандай бошқариш ва ҳоказо, ҳаммасига ақли етарди. Уларга яхши таълим беришяпти, вақт келиб, улар ҳам таълим бераётган профессорларга етиб қолишар. Бироқ, ҳали гап нима бўлади, нима қўяди — ўлиб кетадими! Аммо ўз ғам-аламларидан бош олиб кетолмайди. Ўзингдан қочиб қутула олмайсан. Ҳа, одамлар нима дейишади? Ваъда берди, ишонтирди, колхозни қарзга ботириб, мушкул аҳволга солиб қўйди. Ўзи бўлса энди четга чиқиб олиб тинчгина яшаяпти, дейишади. Йўқ, унга тинчлик йўқ, бўлмайди ҳам, яхшиси охиригача туриб бериши керак. Ёрдамга келишар, шунча узоқ вақт ёрдамсиз қолдиришмас — фақат тезроқ келишса, келганда ҳам манавига ўхшамай чинакам, ҳақиқий ёрдам келса. Иш барбод қилинганлиги учун суд қиламиз, дейди. Суд қилсанг қилавер! Ҳукм чиқариш билан ишни тузата олармидинг. Ана келяпти, қовоғи солиқ, гўё тоғдагиларнинг бариси жиноятчилару, фақат унинг ўзигина колхоз иши учун курашади, унга буларнинг ҳаммаси бир пул, фақат хўжа кўрсингагина келиб-кетади. Аммо айтиб кўрчи.

 

***

 

Ғира-шира туман ичра улкан тоғлар қад кўтариб туради. Улар қуёш нурини кўрмай қовоқ солганча хўмрайиб, баҳайбат паҳлавонлар сингари юксакликдан тумтаяди. Баҳор ҳавоси рутубатли, намгарчилик, туман.

Танабой ўз қўйхонасида жон олиб, жон беради, кун совуқ. Бирданига бир неча совлиқ қўзилаган, қўзичоқларни қўйишга жой йўқ, дод деб борадиган жой йўқ. Қўй-қўзилар маърашади, туртинишади. Барчаси ейиш-ичишни истайди, пашша сингари қирилади. Бу ёқда яна бели шикастланиб хотини ётади. Турмоқчи бўларди-ю, қаддини ростлай олмасди. Майли, нима бўлса шу бўлар. Пичоқ бориб суякка қадалди.

Ҳамон хаёлидан Бектой кетмасди, бефойда ғазаб Танабойни руҳан эзиб, изтиробга солаётган эди. Бош олиб ётиб қолганлиги учун эмас (ўша ёқдан даф бўлсин), бошқаларнинг инига тухум қўйиб кетган какку қуш сингари ўз отарини унга ташлаб кетганлиги учун ҳам эмас, пировардида, биронтасини юбориб, унинг қўйларини олиб кетишлари ҳам мумкин эди. Бу муттаҳамнинг авра-астарини очиб ташлай олмагани, бир гап билан уни уялтириб ерга киргизиб юбормагани унга алам қиларди. Гўдак! Мишиғини эплай олмаган гўдак! Танабой бўлса кекса коммунист, бутун ҳаётини колхоз ишига сарфлаган киши унга боплаб жавоб қайтариш учун сўз тополмаса! Чўпонлик таёғини улоқтирганича кетди бу она сути оғзидан кетмаган мишиқи. Танабой шундай воқеа юз беради деб ўйлаганмиди? Унинг жонажон иши устидан биров кулади деб ўйлаганмиди?

«Бас!» ўзини тўхтатди у ва бир дақиқадан сўнг яна ўша фикр кўнглини буза бошлади.

Мана, яна битта совлиқ қўзилади, эгизак туғибди, қандай чиройли қўзичоқлар. Аммо уларни қаерга жойлаштирамиз? Қўйларнинг елини ҳам шалвираб ётибди, ҳа, уларда қаёқдан ҳам сут бўлсин? Демак, булари ҳам нобуд бўлади? Эҳ, фалокат! Ана, аллақачон у ерда совуқда қўй-қўзилар ўлиб ётибди. Танабой ўлимтик қўзичоқларни йиғиб олиб чиқариб ташлашга кетди. Ҳаллослаганича олдига қизчаси югуриб келди.

— Ота, бошлиқлар келишяпти.

— Майли келишаверсин, — тўнғиллаб қўйди Танабой. — Сен бор қизим, ойингга қара.

Танабой қўйхонадан чиқиб, икки отлиққа кўзи тушди. «О! Гулсари! — қувониб кетди у. Қалбидаги эски тор бир овоз чиқариб қўйди. — Кўришмаганимизга қанча вақт бўлди! Унинг юришига қара, ҳамон ўшандоғ!..» Уларнинг бири Чоро. Йўрға отда келаётган чарм пальтоли кишини эса танимади. Тумандан биронтаси бўлса керак.

«Ҳа, ниҳоят келишди», ўйлади у аламзадалик билан. Бу ерда унинг шикоят қилиши, ўз қисматини айтиб юрагини бўшатиб олиши мумкин эди, бироқ унинг бундай қилиши мумкин эмасди, у зорланмайди, майли улар уялишсин, улар қизаришсин. Шундай ҳам бўладими! «Ўл» деб ташлаб қўйиб, энди қораларини кўрсатишаётган бўлса…

Танабой уларнинг келишини кутиб турмай ҳаром ўлган қўзичоқларни қўйхона бурчагидаги уюмга олиб бориб ташлаш учун кетди. Шошилмасдан қайтиб келди. Улар бу орада қўрага киришган эди. Отлар оғир нафас оларди. Чоро гуноҳкор ва аянчли бир қиёфада кўринарди. Демак, дўсти олдида жавобгарлигини сезган. Йўрға от устидаги киши эса ғазабли, даҳшатли кўринарди. У ҳатто Танабой билан саломлашмади ҳам. Дарҳол тутақиб кетди:

— Бу қандай ярамас иш! Қаерга борма шу аҳвол! Бу ерда нималар бўлаётганини кўряпсанми! — ўшқирди у Чорога юзланиб. Сўнг Танабой томон ўгирилди. — Бу нима қилганинг, ўртоқ, — деди у қўли билан нобуд бўлган қўзичоқларни Танабой олиб бориб ташлаган томонга ишора қилиб, — чўпон, коммунист, қўйлар бўлса ўляпти.

— Улар, эҳтимол менинг коммунист эканлигимни билишмас, — ачитиб гапирди Танабой ва шу заҳотиёқ гўё унинг ичида бир нарса шартта узилгандай кўнгли вайрон, ҳамма нарса унга фарқсиз бўлиб, кўз ўнги қоронғилашди.

— Бу билан нима демоқчисан? — Сегизбоев қизариб кетди ва жим бўлиб қолди. — Социалистик мажбурият олганмисан? — Ниҳоят калаванинг учини топиб олди.

— Ҳа, олганман.

— У ерда нима дейилган эди.

— Эслай олмайман.

— Мана шунинг учун ҳам сенинг қўзичоқларипг ҳаром ўляпти! — Сегизбоев қамчи дастаси билан яна ҳалиги томонни ишора қилди ва бирдан узангидан кўтарилиб, бу сурбет чўпоннинг таъзирини бериб қўймоқчи бўлди.

Лекин у аввал Чорога ёпишиб кетди: — Сиз қаёққа қараяпсиз? Одамлар ҳатто ўз вазифаларини ҳам билмайдилар. Планни бузяптилар, молларни ўлдиряптилар! Сиз бу ерда нима иш билан шуғулланяпсиз! Ўз коммунистларингизни қандай тарбиялаяпсиз! Қанақа коммунист у? Мен сиздан сўраяпман?

Чоро бошини қуйи солиб жим турар, қўлида тизгинни ғижимларди.

— Бўлгани шу, — унинг учун бамайлихотир жавоб берди Танабой.

— Ҳа-ҳа, бўлгани шу. Сен зараркунандасан! Сен колхоз мулкини йўқ қилиб юборяпсан. Сен халқ душманисан. Сенинг ўрнинг партияда эмас, турмада. Сен мусобақа устидан куляпсан.

— Ҳа, турмада, менинг жойим турмада, — тасдиқлади Танабой боягидек осойишталик билан. Унинг қалбини тимдалаган алам, сабр косасини тўлдирган аччиқ ҳасратдан жилмайган лаблари пирпираб учарди. — Хўш, яна нима демоқчисан? — учаётган лабларини қисиб Сегизбоевга тикилиб туриб олди.

— Нега сен бунақа гапиряпсан, Танабой? — аралашди Чоро, — нега? Очиқроқ тушунтирсанг-чи.

— Оҳо! Ҳали сенга ҳам тушунтириш керакми? Сен нима учун бу ерга келдинг, Чоро? — бақирди Танабой. — Нега келдинг? Сендан сўраяпман? Менинг қўзиларимнинг ўлаётганини айтиш учунми? Буни ўзим ҳам биламан! Томоғимгача гўнгнинг ичида кўмилиб ўтирганимни айтиш учун келдингми? Буни ўзим ҳам биламан! Мен колхозни деб жонимни Жабборга берганим учун айбдорманми? Буни ўзим ҳам биламан.

— Танабой! Танабой! Эс-ҳушингни йиғиб ол! — Ранги ўчиб кетган Чоро сакраб эгардан тушди.

— Нари тур! — итариб юборди уни Танабой. — Мен ўз мажбуриятимга ҳам, бутун ҳаётимга ҳам тупурдим. Қоч! Менинг жойим турмада! Сен нима учун манави чарм пальтоли янги манапни бошлаб келдинг? Мени хўрлаш, менинг устимдан кулиш ёки масхара қилиш учунми? Мени қамаш учунми? Қани, аблаҳ, қама мени турмага! — Танабой бирор нарса олиш учун олазарак бўлиб турди, қўлига деворга суёғлиқ паншаха илиниши билан Сегизбоевга ташланди. — Қани, аблаҳ, кет бу ердан! Йўқол!

Жаҳли чиққанидан нима қилаётганини билмай паншахани силкита бошлади.

Қўрқиб кетган Сегизбоев йўрғанинг бошини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга тортар эди. Паншаха гангиб қолган отнинг бошига урилиб сакраб кетар, шарақлаб яна унинг бошига келиб тушар эди.

Нима учун Гулсари титраб бошини силкитаётганини, нега мунча сувлиқ унинг қизариб турган жағини йираётганини, нима учун унинг кўзлари хонасидан чиқиб кетай деяётганини ғазабланган Танабой тушунмасди.

— Қоч, Гулсари, нари тур! Мен мана шу чарм пальтоли манапни тутиб олай, — деб бақирарди Танабой гуноҳсиз йўрғанинг бошига устма-уст тушириб.

Шошилиб келган ёш сақмончи аёл унинг қўлига осилиб, паншахани юлиб олишга уринди. Лекин Танабой уни итариб юборди.

— Қочайлик! Орқага қочайлик! Ўлдириб қўяди! — деб отига миниб олган Чоро Танабой билан Сегизбоевнинг ўртасига ўзини ташлади.

Танабой паншаха билан унга ҳам ҳамла қилди. Иккаласи ҳам от қўйиб қўрадан қочиб қолишди. Отларнинг думига, узангисига сапчиган ит ҳам ҳуриб, уларнинг орқасидан югурди.

Танабой бўлса қоқилиб-суқилиб уларнинг изидан чопар, қўлига тушган кесакни улоқтирар ва ҳамон бақирарди:

— Менинг жойим турмада! Турмада! Йўқол! Йўқол бу ердан! Менинг жойим турмада! Турмада!..

Кейин у орқага қайтди, нафаси бўғзига тиқилиб, ҳамон ўзича ғулдурарди: «Менинг жойим турмада, турмада!» Унинг ёнида ўз бурчини бажарганидан гердайиб кўппак ит чопиб борарди. У ўз хўжайинининг мақтовини кутарди, лекин хўжайин унга эътибор бермасди.

Қўрқувдан ранги ўчиб кетган Жайдар ҳассага суяниб оқсоқлаганича рўпарадан келарди.

— Нима қилиб қўйдинг! Нима қилиб қўйдинг?

— Э, аттанг! Э, аттанг!

— Нимага ачиняпсан? Албатта, аттанг, дейсан.

— Йўрғани бекордан-бекорга урганимга.

— Ақлинг жойидами ўзи? Нима қилиб қўйганингни биласанми?

— Биламан. Мен зараркунандаман. Халқ душманиман, — деди у нафаси сиқилиб. Кейин жим бўлиб қолди ва қўли билан юзини маҳкам бекитганича икки букилиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади.

— Ўзингни бос, ўзингни бос, — ялинарди хотини ўзи ҳам унга қўшилиб йиғларкан. Лекин Танабой ҳамон у ёқ-бу ёққа тебраниб йиғларди.

Ҳеч қачон Жайдар Танабойнинг йиғлаганини кўрмаганди…

 

***

 

Шу фавқулодда ҳодисанинг учинчи куни туман партия комитетининг бюроси бўлди.

Қабулхонада Танабой Бакасов ўзини кабинетга чақиришларини кутиб ўтирар эди. Ичкарида у ҳақда гап борарди. Бу кунлар ичида у кўп ўйлади. Лекин у айбдорми ёки йўқми, буни ҳозирча била олмасди. Ҳокимият вакилига қўл кўтариб оғир жиноят қилганини тушунарди. Лекин гап фақат шундагина бўлганидаку, ҳамма нарса осонликча ҳал бўлар эди-я. У ўзининг ножўя хатти-ҳаракати учун ҳар қандай жазо беришларига тайёр эди.

Ахир у ғазабдан ўзини боса олмай колхоз учун жон куйдириб қилган хизматларини шамолга учириб юборди, ўзининг бутун ташвиш ва эзгу-ўйларини барбод қилди. Энди унга ким ишонади? Унинг аҳволини энди ким тушунади? «Эҳтимол, тушунишар? — умид учқунлари чақнади унда. — Ҳаммасини гапираман: бу йилги қиш ҳақида, қўйхона ва ўтов ҳақида… Майли, текшириб кўришсин. Хўжаликни шундай бошқариш мумкинми? — Ўтган ишларга сира афсусланмасди. — Майли, мени жазолашсин, — ўйларди у. — Эҳтимол, шунда бошқаларга енгил бўлар. Эҳтимол шундан кейин чўпонларга қарашар, бизнинг турмушимиз, қийинчиликларимизга эътибор беришар».

Лекин бир дақиқа ҳам ўтмасдан бутун кечмишларини эслаб, у яна ғазабига чидай олмай тиззалари орасида муштларини қисар, қайсарлик билан ўзиникини ўзи маъқулларди: «Йўқ, менинг ҳеч қандай айбим йўқ!» Кейин яна шубҳаланарди…

Қабулхонада негадир Иброҳим ҳам ўтирарди. «У нима қилиб юрибди бу ерда? Ўлакса кўрган қузғундай учиб келибди», — Танабойнинг жони ҳалқумига келиб унга тескари қараб ўтириб олди. У ҳам бошини қуйи солиб чўпонга қараб хўрсиниб, жимгина ўтирарди.

«Нега мунча чўзишяпти? — стулда типирчилаб ўтирган Танабой ўйларди, — жазо беришадиган бўлса — беришмайдими!» Кабинетга деярли ҳамма йиғилиб бўлган эди. Бундан бир неча дақиқа аввал ҳаммадан кейин Чоро кириб кетди. Танабой уни этигининг қўнжига ёпишиб қолган жундан таниди. Саман йўрғанинг сариқ жуни эди. «Жуда шошибди, Гулсари ҳам терга пишиб кетган бўлса керак», ўйлади у. Лекин бошини кўтармади. Қўнжига жун ёпишган, от теридан бир оз намланган этик Танабой олдидан аста босиб ўтиб эшик ортида кўздан ғойиб бўлди. Секретарь қиз кабинетдан чиққунча анча вақт ўтди.

— Киринг, ўртоқ Бакасов.

Танабой чўчиб ўрнидан турди-да, кабинет томон юра бошлади. Юрагининг тўхтовсиз гупиллаб ураётганлиги қулоғи остида эшитилиб турарди. Унинг кўз олди қоронғилашиб кетди. У бу ерда ўтирган одамларни деярли бир-биридан ажрата олмасди.

— Ўтиринг. — Туман партия комитетининг биринчи секретари Қашқатоев Танабойга узун столнинг охиридан жой кўрсатади. Танабой ўтирди. Оғирлашиб кетган қўлларини тиззасига қўйиб кўз олдини босган қоронғиликнинг тарқашини кутди. Кейин столнинг нариги четига қаради. Биринчи секретарнинг ўнг томонида кеккайиб Сегизбоев ўтирарди. Танабой бу одамга шундай нафрат билан боқдики, унинг кўз олдини ўраб турган қоронғилик бир зумда тарқаб кетди.

Стол атрофида ўтирганларнинг юзлари аниқ-таниқ кўринди. Сегизбоевнинг қовоғи осилиб, қизариб-бўзариб кетган эди. Чоронинг юзи эса оқариб кетган ва бутунлай қонсиз эди. У энг четда, ҳаммадан кўра Танабойга яқин ерда ўтирарди. Унинг ориқ қўллари столга ёпилган яшил мовут устида асабий қалтираб турарди. Чоронинг қаршисида ўтирган колхоз раиси Алданов аччиғланиб қаттиқ пишилларди, атрофига хўмрайиб назар ташларди. У кўриладиган ишга ўз муносабатини яширмасди. Бошқалар, афтидан, нима бўлишини кутиб турардилар. Ниҳоят, биринчи секретарь папкадаги қоғозлардан бош кўтарди.

— Коммунист Бакасовнинг шахсий ишини кўришга ўтамиз, — деди у сўзларни чертиб-чертиб.

— Ҳа, уни коммунист деб аташ мумкин бўлса, — деди кимдир истеҳзо билан тиржайиб.

«Ёвузлар! — деб қўйди ўзича Танабой, — улардан раҳм-шафқат кутма. Нима учун мен шафқат кутишим керак? Нима, мен жиноятчиманми?»

У ўзи ҳақидаги масаланинг ҳал қилинишида икки яширин рақиб томоннинг тўқнашиб қолганини ва уларнинг ҳар бири бу аянчли ҳодисадан ўзларича фойдаланишга тайёр эканликларини билмас эди. Биринчи томон — Сегизбоев ва унинг тарафдорлари, янги секретарнинг қаршилигини синаб кўриш ва агар иложи бўлса уни қўлга олишни ўйларди. Бошқа, иккинчи томон, бу Қашқатоев эди. Қашқатоев ўз ўрнига Сегизбоев кўз тикаётганини билар эди. Шунинг учун у ўз обрўсини ерга урмаслиги ва бу хавфли одамлар билан бўлган муносабатини ҳам кескинлаштирмаслиги керак.

Райком секретари Сегизбоевнинг ахборот хатини ўқиб берди. Хатда «Оқтош» колхозининг чўпони Танабой Бакасовнинг ҳақорати ва қилган барча жинояти батафсил ёзилган эди. Ахборотда Танабой рад қилиши мумкин бўлган бирор ортиқча нарса йўқ, лекин хатнинг оҳанги, унга қўйилаётган айбларнинг баён этилиш тарзи унинг тарвузини қўлтиғидан тушириб юборди. У ўзининг мана шу даҳшатли қоғоз олдида мутлақо ожиз эканини тушуниб етгач, аъзойи баданидан тер чиқиб кетди. Сегизбоевнинг ахбороти ўзидан ҳам даҳшатлироқ бўлиб чиқди. Бу қоғозга паншаха билан ҳам ташлана олмайсан. Қаршилик кўрсата олмайсан. Танабой ўзини оқлаш учун нималарни айтишни мўлжаллаган бўлса ҳаммаси бир зумда пучга чиқди. Ҳаммаси унинг кўз олдида ўз аҳамиятини йўқотиб, чўпоннинг ўз аҳволидан нолиб қилган аянчли арздодига айланиб қолди. Аҳмоқ эмасми ўзи? Бу даҳшатли қоғоз олдида у ўзини оқлай олармиди! У ким билан олишмоқчи?

— Ўртоқ Бакасов, сиз бюро аъзоси ўртоқ Сегизбоевнинг хатида келтирилган фактларнинг тўғрилигини тан оласизми? — сўради Қашқатоев ахборотни ўқиб бўлиб.

— Ҳа, — бўғиқ овоз билан жавоб берди Танабой. Ҳамма жим ўтирарди. Ҳамма бу қоғоздан ваҳимага тушиб қолгандай. Алданов, кўрдингизми нималар бўляпти, дегандай стол атрофида ўтирганларга сурбетлик билан қараб чиқди.

— Ўртоқ бюро аъзолари, агар рухсат берсаларингиз, мен бу ишнинг асл моҳиятига аниқлик киритсам, — дадил гапирди Сегизбоев. — Мен коммунист Бакасовнинг бу ишини шунчаки безорилик деб тушунмоқчи бўлган ўртоқларни дарҳол огоҳлантириб қўймоқчиман. Агар шундай бўлганда эди, менга ишонинг, бу масалани бюрога киритмаган бўлар эдим. Безорилар билан курашнинг бизда бошқа йўллари бор. Гап, албатта, менинг шахсиятимнинг таҳкирланишида эмас. Менинг орқамда туман партия комитетининг бюроси турибди, агар билишни хоҳласангиз, бутун партия турибди ва мен унинг обрўсига путур етказишга, уни таҳқирлашга йўл қўя олмайман. Яна ҳам муҳими — бу иш коммунистлар ва партиясизлар ўртасида сиёсий-тарбиявий ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан, райкомнинг идеология соҳасида олиб бораётган ишидаги муҳим камчиликлардан дарак беради. Бизнинг ҳаммамизга Бакасовга ўхшаш оддий коммунистларнинг мафкураси учун жавоб беришга тўғри келади. Яна бизга, унинг ўзи ёлғизми ёки ҳамфикрлари ҳам борми, деган масалани аниқлашга тўғри келади. «Чарм пальтоли янги манап!» сўзи билан у нима демоқчи. Пальтони бир четга қўйиб турайлик. Бакасовнинг фикрича, мен — совет кишиси, партиянинг вакили — янги манап, бойвачча, халқни бўғувчи эмишман. Қаранг-а! Тушуняпсизми, бу нима деган гап, нима маъно бор бу гапнинг тагида? Тушунтириб ўтириш ортиқча бўлса керак деб ўйлайман… Энди масаланинг иккинчи томони ҳақида. «Оқтош»даги чорвачиликнинг ўта кетган ёмон аҳволда эканидан хафа бўлиб, кўзимга ҳеч нарса кўринмай, гўё ўз социалистик мажбуриятини унутиб қолган Бакасовнинг кишини ғазаблантирадиган сўзларига жавобан уни зараркунанда, халқ душмани деб атадим ва унинг жойи партияда эмас, турмада дедим. Тан оламан — ҳақорат қилдим ва унинг олдида кечирим сўрашга тайёр эдим. Энди билсам ҳақиқатан ҳам бу шундай экан. Айтганларимни қайтиб олмайман ва дангал айтаман: Бакасов — хавфли, душмансифат одам.

Танабой нималарни бошдан кечирмади. У бошидан охиригача урушда бўлди. Аммо унинг юраги ҳозиргидек садо чиқариб уриши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Қулоқлари остида болға зарбасидек эшитилган бу садо руҳини эзар, қалбини тирнар, ўзини ўнглаб олишга имкон бермасди. «Тавба, — боши лўқилларди Танабойнинг, — ҳаётимнинг бутун мазмуни — ишларимнинг бутун мазмуни қаёққа кетди? Мана энди келиб-келиб халқ душмани бўлдим. Мен-ку қандайдир қўйхона учун, чала ўлик қўзичоқлар учун, йўлдан озган Бектой учун азоб чекяпман. Буларнинг кимга кераги бор!..»

— Ахборотимдан келиб чиқадиган хулосаларни яна бир марта эслатиб ўтаман, — давом этди Сегизбоев сўзларни жой-жойига қўйиб. — Бакасов бизнинг тузумимизни кўролмайди. Колхозни, социалистик мусобақани кўролмайди, ҳаммасига тупуради, бизнинг бутун турмушимизни кўролмайди. Буни унинг ўзи колхоз парторги ўртоқ Саёқов олдида ҳам очиқчасига айтди. Бундан ташқари унинг ҳаракатларида ҳокимият вакили ўз хизмат вазифасини ўтаб турган вақтда унга суиқасд қилиш каби жавобгарликка тортиладиган жиноят состави ҳам бор. Мени тўғри тушунишингизни сўрайман, Бакасовни суд жавобгарлигига тортиш учун санкция беришингизни ва бу ердан чиқиши билан дарҳол қамоққа олинишини сўрайман. Унинг жиноятлари эллик саккизинчи моддага тамоман мос келади. Бакасовнинг партия сафида қолдирилиши ҳақида, менимча, гап ҳам бўлиши мумкин эмас!..

Сегизбоев ортиқча талаб қўйганини биларди. Лекин у шуни ҳисобга олган эдики, агар бюро Танабой Бакасовни жиноий жавобгарликка тортиш лозим деб топмаса ҳам, ҳар ҳолда уни партия сафидан чиқариши аниқ эди. Бу таклифни Қашқатоев қувватламай иложи йўқ эди. Ана шунда Сегизбоевнинг мавқеи яна кўпроқ мустаҳкамланарди.

— Ўртоқ Бакасов, сиз ўз хатти-ҳаракатларингиз ҳақида нима дейсиз? — сўради Қашқатоев бир оз асабийлашиб.

— Ҳеч нарса. Ҳаммаси айтилди, — жавоб берди Танабой. — Демак, мен зараркунанда, халқ душмани эканман, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қоларканман. Шундай бўлгач, нима ҳақда ўйлаётганимни билишнинг нима кераги бор? Ўзларинг ҳал қилинглар, сизларга равшанроқ…

— Сиз ўзингизни соф виждонли коммунист деб ҳисоблайсизми?

— Энди буни исбот қилиб бўлмайди.

— Сиз ўз айбингизни тан оласизми?

— Йўқ.

— Нима, сиз ўзингизни ҳаммадан кўра ақллироқ деб ҳисоблайсизми?

— Йўқ, аксинча, ҳаммадан кўра ақлсизроқ.

— Рухсат беринг, мен гапирай. — Кўкрагига комсомол значоги таққан ёш йигит ўрнидан турди. У ўтирганлар ичида ҳаммадан ёш бўлиб, нимжонгина, чўзиқ юзли, кўринишда ёш болага ўхшар эди.

Танабой уни энди пайқаган эди.

«Фош қилавер, бола, аяма, — деди у ўзича. — Мен ҳам қачонлардир шунақа эдим, ҳеч аямасдим…»

— Гапиринг, Каримбеков, — бош ирғади унга Қашқатоев.

— Мен ўртоқ Бакасовнинг қилмишларини маъқулламайман. У қилмишига яраша партия жазосини олиши керак. Шунингдек, ўртоқ Сегизбоевга ҳам қўшила олмайман. — Каримбеков ҳаяжондан овози титраб, ўзини босиб олди. — Мен ўртоқ Сегизбоевнинг ўзини ҳам муҳокама қилиш керак деб ҳисоблайман.

— Ана холос! — унинг сўзини бўлди кимдир. — Нима, сизда — комсомолда тартиб шунақами?

— Тартиб ҳаммада ҳам бир хил, — жавоб берди Каримбеков яна ҳам ҳаяжонланган ҳолда қизариб. Унинг тили тутилиб қолди ва танг аҳволдан қутулишга уриниб сўз қидира бошлади ва бирдан жон-жаҳди билан кескин ва ғазаб билан шартта деди: — Колхозчи, чўпон, кекса коммунистни ҳақорат қилишга сизнинг нима ҳаққингиз бор эди? Мана мени халқ душмани деб кўринг-чи… Сиз буни колхозда чорвачиликнинг аҳволи ёмонлиги учун хафа бўлганингиз, қайғурганингиз билан исбот қилмоқчи бўласиз. Лекин сиз, чўпон сиздан ҳам кўп қайғурганини кўз олдингизга келтиролмайсизми? Қўзилар нега ўляпти? Сиз унинг олдига борганингизда унинг турмуш шароити билан, ишлари қандай бораётгани билан қизиқдингизми? Йўқ, сизнинг ахборотингизга қараганда, сиз тўғридан-тўғри уни ҳақорат қилишдан бошлагансиз. Ҳозир колхозларда қўзилатиш кампанияси оғир аҳволда экани ҳеч кимга сир эмас.

Мен жойларда бўлиб тураман. Биз улардан талаб қиламиз, лекин амалда ҳеч қанақа ёрдам бермаймиз. Мен комсомол чўпонлар олдида жуда ноқулай аҳволда қоламан, тўғриси уяламан. Қаранг, колхозларда қўйхоналар қай аҳволда? Озуқа масаласи-чи? Менинг ўзим чўпон боласиман. Ёш қўзилар ўлганда қандай аҳвол юз беришини яхши биламан. Институтда бизни бошқа нарсаларга ўқитишган эди. Жойларда эса аҳвол эскича. Буларни кўрсанг жонинг ачийди!..

(давоми бор)

Чингиз АЙТМАТОВ

 






Загрузка...


Губернаторы России
Москва

Собянин представил масштабную программу фестиваля "Пасхальный дар"


Спорт в России и мире
Москва

Результаты забега на 5 км на Московском полумарафоне. Аплачкина и Голоктионов установили рекорды соревнований


Загрузка...

Все новости спорта сегодня


Новости тенниса
WTA

Как Рыбакиной стать второй ракеткой мира: расклад от WTA


Загрузка...


123ru.net – это самые свежие новости из регионов и со всего мира в прямом эфире 24 часа в сутки 7 дней в неделю на всех языках мира без цензуры и предвзятости редактора. Не новости делают нас, а мы – делаем новости. Наши новости опубликованы живыми людьми в формате онлайн. Вы всегда можете добавить свои новости сиюминутно – здесь и прочитать их тут же и – сейчас в России, в Украине и в мире по темам в режиме 24/7 ежесекундно. А теперь ещё - регионы, Крым, Москва и Россия.


Загрузка...

Загрузка...

Экология в России и мире
Москва

Прокуратура Москвы: тело мужчины нашли в лесопарке в Сокольниках





Путин в России и мире
Москва

Поведение Путина вызвало резонанс, потерянные в 90–е заводы возвращаются РФ


Лукашенко в Беларуси и мире
Минск

Это - война: литовские беспилотники попытались атаковать Минск




123ru.netмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "123 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Smi24.net — облегчённая версия старейшего обозревателя новостей 123ru.net.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

123ru.net — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.





Зеленский в Украине и мире

Навальный в России и мире
Москва

Басманный суд Москвы арестовал продюсера Reuters Константина Габова за помощь ФБК в подготовке материалов



Здоровье в России и мире


Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России






Загрузка...

Загрузка...



Джиган

Младшая дочь Оксаны Самойловой и Джигана пошутила, что их сын приемный — как отреагировала звездная мама: «Чисто классика»



Москва

Китайский город Чэнду ослабил "охладительные" меры на рынке жилья

Друзья 123ru.net


Информационные партнёры 123ru.net



Спонсоры 123ru.net