Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили Украинага қайтмоқда…
Одесса собиқ губернатори ва Грузиянинг қочқиндаги собиқ президенти Михаил Саакашвили келаси ҳафта чоршанба куни Украина пойтахтига учиб келади. Бунга қадар, аниқроғи, шу йил 22 май куни у Украина президенти Владимир Зеленскийга расман мурожаат этиб, Украинага қайтиш учун рухсат беришини ва шу мамлакат фуқаролигини тиклашда амалий ёрдам кўрсатишини сўраганди. Мурожаат давомида у Украина иккинчи ватани эканини алоҳида қистириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Саакашвили 2015 йил май ойида собиқ президент Петр Порошенко фармонига асосан Одесса вилоят губернатори вазифасига тайинланган. Орадан бир ярим йил ўтгач, Саакашвили мухолифатчилар томонига ўтиб олгани сабабли Порошенко уни Украина фуқаролигидан маҳрум этган.