Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 20 май куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?
ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)
Қандай ҳолатда, вазиятда, кайфиятда бўлишингиздан қатъий назар хотиржам бўлишингиз зарур. Бажарадиган ишингиздан лаззат ола билмаслигингизни ҳис этсангиз, бу ишга қўл урмай қўя қолинг. Кимки чарчоқларга қарамай ишласа, тер тўкса, бугун мўмай даромад нақд. Шахсий ҳаётда ҳам билим ва тажрибани ишга солсангиз, кўплаб ижобий натижаларга эришишингиз мумкин. Бу вазиятда яқинларингиз қаршисида росмана ораторга айланасиз. Уларнинг оғзини ланг очиб қўясиз. Омадингизни берсин.
БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)
20 май куни иш жойингизда муваффақият қозониш учун қулай имкониятлар бир талай бўлади. Аммо уларни ўзингизда ушлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилишингиз керак. Раҳбарларга табиатингизга хос жаҳлдорлик, серзардаликларни намойиш этиб қўйманг. Бугун улар сизга яхшилик келтирмайди. Оилали бўлсангиз, ташқарида қарама-қарши жинс вакиллари ёки вакилаларининг хушомадларига учиб қўйманг. Агар эмоция ва туйғулар жунбушга келиб тинчлик бермаётган бўлса, иш билан чалғинг.
ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)
Куннинг биринчи ярмидаёқ мукофотингиз миқдорини кўриб қувончдан ёрилай дейсиз. Лекин эмоцияни жиловда ушланг. Ҳамкасблар қаршисида хотиржамлигингизни йўқотманг. Улар орасида сизга зимдан ҳасад қиладиганлари бўлса, кўзи тегиши мумкин. Худо асрасин. Бугун турли келишувлар, сафарлар, табиат қўйнига чиқиб дам олиш омадли кечади. Ташқаридаги баҳор ҳавоси ҳам сизнинг кўнглингизга қарайди. Бундай лутфлардан албатта фойдаланиб қолинг.
ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)
20 майда киссангизни пулга тўлдириб олиш учун имкониятлар йўқ эмас. Майли, бу олтин тангалардан иборат бўлмасин, оддийгина пул бўлсин, барибир ёқимли-ку, тўғрими? Шахсий ҳаётда эса кун давомида ўта масъулиятли қарорлар чиқаришингизга тўғри келади. Рўзғордаги муаммоларни ўйлаб ортиқ ўзингизни қийнаманг. Аксинча, ўшаларни бартараф этиш учун сезиларли ҳаракатларни содир этинг. Саломатлигингизга алоҳида эътибор билан ёндашинг. Касалга чалинишдан сақланинг.
АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)
Бугун кўп ухлашдан, яқин ўтмиш хаёли, иллюзия билан бирга яшашдан тийилишингиз талаб этилади. Реал ҳаётга қайтмасангиз бўлмайди. Профессионал касбингиз билан боғлиқ ишларда янгича стратегия ўйлаб топинг. Шундагина бирингиз икки бўлади. Муҳаббатда эса ўзингизни тутишингиз ва фикр юритишингизга қараб вазият ўзгариши мумкин. Суякли инсонингизни танқид остига олишдан воз кечинг. Бу яхшиликка олиб бормайди. Муносабатларни совуқлаштиради холос. Азартли ўйинлар ва таваккалчиликдан қочинг.
ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)
20 май куни қалбингиз қайсарланишидан безовталанишингиз мумкин. Бу дегани, арзимас майда юмушларни ҳам аввал чуқур таҳлил қилишни, кейингина адо этишни истай бошлайсиз. Бу туришда қачон тонг отади-ю, қачон тун чўкади. Оилада хотиржамлик билан муносабат юритинг. Қариндошлар билан жанжаллашишдан тийилинг. Кимки моддий аҳволини астойдил яхшилаш истагида елиб югурса, ўшанга омад кулиб боқади. Сурункали хасталикка йўлиққанлар профилактика ҳақида унутиб қўймасликлари керак.
ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)
Бугун ростакам саховатпешага айланишингиз тавсия этилади. Қўшнилар, танишлар, қариндошлардан ёрдамингизни аяманг. Шундан келиб чиқиб худо сизни ҳам муваффақиятлар билан сийлаши мумкин. Тафаккур ва истеъдодни ҳам бугун тежаб ишлатинг. Молиявий муаммоларни бартараф этишда ҳаётий тажриба керак бўлади. Тадбиркорлар кечқурун бир олам фойдали таклифларни қабул қилиб олади. Имкониятни қўлдан бой берманг.
ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)
20 майда тадбиркорлар рақобатчилар билан то кечга қадар овораи сарсон бўлишлари кутилади. Аммо сиздаги табиатингизга хос нотиқлик санъати ҳатто рақобатчиларни ҳам ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этади. Муҳаббатда эмоцияга эрк берманг. Шунда танлаганингиз ёки бирга яшаётган инсонингиз туйғуларингизга ростакамига ишона бошлайди. Молиявий муаммоларни ижобий ҳал этиш жараёнида ҳар бир ҳаракатингиздан мантиқ қидиринг.
ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)
Иш жойингизда раҳбарлар билан биргаликда муҳим масалаларда музокаралар олиб боришингиз кутилмоқда. Шу нарса келажакда мартабангиз ошиш ё ошмаслигини белгилаб беради. Ташкилотчилик хусусиятларингизга кенг йўл очиб беринг. Шундай очингки, раҳбарлар ҳайратдан тош қотсин. Моддий аҳволингизни яхшилашда тўсиқларга дуч келмайсиз. Муҳаббатда эса оила қурмаганлар ўзини романтик қилиб кўрсатишдан қўрқмасликлари керак.
ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)
20 май куни миянгизга ишингиз билан боғлиқ кўплаб янги, бир-биридан ажойиб ғоялар қуйилиб келиши мумкин. Аммо уларнинг бир нечтасигина ҳақиқатга айланади. Кимлардир куннинг иккинчи ярмида олис сафарга отланади. Сафар сизга бир-биридан ёқимли таассуротларни ҳадя қилади. Кечки пайт табиат қўйнида дам олсангиз ҳам зиён қилмасди. Саломатликни асранг. Тўғри овқатланинг.
ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)
Мажозий маънода айтганда, бугун икки қуённи бир ўқ билан уришга бўлган хоҳишингиз қаноатлантирилади. Мақсадга етасиз. Фақат йўл-йўлакай туртиниб йиқилмасликнинг тадбирини кўриб қўйинг. Шахсий ҳаётингизда сизга ёқмайдиган вазиятлар юзага келиш эҳтимоли бор. Кимдир яқин кишиси билан жанжаллашиб қолиши, кимлардир рўзғор муаммоларидан беза бошлаши мумкин. Сафарга чиқиш зарурати туғилса, воз кечманг. Сафар сиз учун жуда фойдали кечади.
БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)
20 майда балиқ буржида таваллуд топганлар ё ишда, ё молиявий муаммоларни бартараф этиш жараёнида жиддий хатоликка йўл қўйишлари мумкин. Агар овқатланишда режимга амал қилмай қўйган бўлсангиз, билинг, бугун куннинг иккинчи ярмида бу нарса саломатлигингизга салбий таъсир ўтказа бошлаши мумкин. Шахсий ҳаётда қандайдир янгилик яратиш ниятида юрган бўлсангиз, мақсадга албатта етасиз.
Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади