Россиялик эркак қайнонасини қўрқитиш учун атайин заҳарли ўргимчак сотиб олди…
Исми-шарифи ва яшаш манзили кўрсатилмаган эркак хитойлик аёлга уйланган. Улар анчадан бери бирга бахтли ҳаёт кечиришмоқда. Фақат эркакка худонинг берган куни қайнонаси таклифларсиз кириб келавериши ёқмас экан.
— Ҳеч ким таклиф қилмаса ҳам уялмасдан уйимга кириб келаверади қайнонам, — деди эркак. — Келса майли, нуқул минғир-минғир қилиб жанжал қўзғайверади. Охири жонимга тегди. «Тарантул» деган заҳарли ўргимчак сотиб олдим…
Эркак хотини билан бирга яшаш давомида қайнонасини ҳам тўлиқ ёдлаб олган. Унинг ўргимчакдан ўлгудек қўрқишини биларди. Шу сабабли хотинига ҳам индамай, заҳарли ўргимчак сотиб олди. Адашмабди. Қайнонаси ўргимчакни кўрди-ю, қадамини узди. Келса ҳар замонда қайнотаси келиб ҳол сўраб кетаркан. Аммо қайнонаси келмай қўйибди.
Ҳайратланарлиси, эркакнинг хитойлик хотини ҳам туққан онасининг ташрифларидан, жанжалларидан безор бўлган экан. Анча енгил тортибди. Энди улар бу заҳарли ўргимчакни ҳеч қачон қўйиб юборишмас экан. Эркакнинг хотини шундай дебди.